Президентнинг “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янгича ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Huquqiy axborot канали хабар берди.
Қарорга кўра, ички ишлар органлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаларининг фаолияти қуйидаги устувор ишлаш механизмлари асосида яхлит тизим сифатида ташкил этилади:
хизмат йўналиши ва хизмат ўташ ҳудудидан қатъий назар фуқароларнинг мурожаатлари ва хабарларига тезкорлик билан муносабат билдириш;
аҳоли билан бевосита яқиндан ва очиқ мулоқотга киришиш ҳамда уларнинг ҳуқуқбузарликка сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш;
бевосита жойларнинг ўзида ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабаб ва омилларини барвақт аниқлаш ва бартараф қилиш, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан кунлик асосда манзилли профилактик ишларни йўлга қўйиш.
Профилактика инспекторининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Профилактика инспекторларига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилади:
— кўриб чиқиш ваколати доирасидаги биринчи маротаба содир этилаётган 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича маъмурий огоҳлантириш жазосини қўллаш;
— йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида маҳалла кўчалари ва йўлакларида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жазо қўллаш;
— туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарларининг ваколатидаги 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш.
Шунингдек, профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мавқеи ва хизмат масъулияти оширилади.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва аҳоли билан яқиндан ишлаш бўйича ҳуқуқбузарликлар профилактикасини манзилли ташкил этишда қуйидаги тартиб ўрнатилади:
профилактика инспектори касбий фаолиятининг устувор мақсади унга нисбатан аҳоли ишончининг юқори даражасига эришиш ҳамда хизмат жойида жиноятчиликни жиловлаш этиб белгиланади;
















