“Юксалиш” ҳаракати ва Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси (AICA) Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасининг ривожланиши ва уни илгари суришга ҳисса қўшаётган етакчи мутахассислар, олимлар ва фаоллардан иборат “ТОП-30 сунъий интеллект лидерлари” рўйхатини тузди.
Бундан мақсад – Ўзбекистонда СИ соҳасини фаол ривожлантираётган шахсларни аниқлаш, уларнинг ютуқларини эътироф этиш ва кенг жамоатчиликка танитишдан иборат.
“Юксалиш” хабарига кўра, бу рўйхат икки босқичда шакллантирилган.
Биринчи босқичда “Юксалиш” ҳаракати AICA билан ҳамкорликда очиқ манбалар (ОАВ, илмий нашрлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар) ва Рақамли технологиялар вазирлигининг тавсиялари асосида 50 дан зиёд номзодлар рўйхатини шакллантирган.
Иккинчи босқичда AICA'нинг 1380 нафар резиденти томонидан қуйидаги 8 та мезон бўйича ҳар бир номзод баҳоланган ва қисқа рўйхат (шорт-лист) шакллантирилган:
амалга оширилган СИ лойиҳаларининг таъсири;
халқаро ҳамкорликлар;
инвестиция жалб қилиш қобилияти;
миллий стратегияда иштирок;
янги ёндашувлар таклифи;
илмий-оммавий чиқишлар;
СИ соҳасида таълим ва маърифат;
миллий ва халқаро эътироф.
“Рўйхатга киритилган лидерлардан бири Акмал Пайзиев мамлакатдаги биринчи онлайн такси (MyTaxi), озиқ-овқат етказиб бериш (Express24), HR автоматлаштириш (Workly) ҳамда GPS мониторинг (Maxtrack) хизматларини яратган. У ҳозирда Кремний водийсида фаолият юритмоқда.
Ўзбек тилида IT-касбларни (дастурлаш, Data Science, сунъий интеллект) ўргатувчи Mohirdev платформаси асосчиси Анвар Нарзуллаев СИ билан интеграциялашган таълим ечимларини жорий этмоқда.
Рўйхатда СИ йўналишида илмий тадқиқот қилаётган ва соҳани назарий жиҳатдан ўрганаётган лидерлар борлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Улар орасидасунъий интеллект ва компьютер фанлари бўйича илмий даража ва халқаро тажрибага эга мутахассис Бунёдбек Иброҳимов, СИни тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўллашга бағишланган 20 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи ва лойиҳалар асосчиси Дилноз Муҳаммадиева кабиларни санаб ўтиш мумкин”, – дейилади “Юксалиш” тарқатган пресс-релизда.
Муаллифлар мазкур ТОП-30 нафақат соҳа ривожига туртки беради, балки Ўзбекистонда СИ фаолияти билан шуғулланувчи касб эгалари учун илҳом ва эътироф манбайи бўлишига ишонч билдирган.