Ўзбекистон | 09:20 / 12.05.2021
6207
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги ёғ-мой корхоналарида ўтказилган текширишларда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди

Қашқадарёдаги ёғ-мой корхоналарида «Ўзагроинспекция» томонидан ўтказилган назорат тадбирларида турли кўринишдаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Қашқадарёда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи 150 га яқин корхона давлат рўйхатидан ўтган. Уларнинг асосий қисми – хусусий сектор вакиллари.

«Ўзагроинспекция»нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан вилоятдаги ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти ўрганилган, деб хабар берди инспекция ахборот хизмати.

Чунончи, Шаҳрисабз туманидаги «Боқий қуёш», «Шомуҳаммад Содиқ», Китоб туманидаги «Халилов Расул» ва Қарши шаҳридаги «Амин соф барака бизнес» оилавий корхоналарида ваколатли вакилни хабардор қилиш тартибида ўтказилган назорат тадбирларида корхоналарнинг пахта техник чигитини тўлиқ технологик цикл (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш цехлари) мавжуд эмаслиги аниқланган.

Қолаверса, «Боқий қуёш» ҳамда «Халилов Расул» оилавий корхоналарининг омборида ноқонуний тарзда техник чигит сақланаётгани аниқланиб, бу ҳақда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармасига маълумот киритилган.

Шаҳрисабз туманидаги «Шомуҳаммад Содиқ» оилавий корхонаси ҳам тўлиқ технологик цикл билан таъминланмаганига қарамай, жорий йилнинг январ–феврал ойларида Сурхондарё вилоятидаги «Музробод» пахта тозалаш корхонасидан 55 тонна, Тошкент вилоятидаги «Алимкент» пахта тозалаш корхонасидан 226 тонна пахта чигитини харид қилган.

Текшириш жараёнида мазкур корхона омборида 25 тонна техник чигит, 3,5 тонна қайта ишлашдан олинган пахта ёғи ва 15 тонна кунжара маҳсулоти борлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар ваколат доирасида ҳуқуқий баҳо бериш учун вилоят прокуратурасига юборилган.

Умумий ҳисобда, аниқланган камчиликлар юзасидан прокуратура органларига 5 та, маъмурий судларга 2 та материал киритилган.

Шунингдек, камчиликлар аниқланган корхоналарга уларни бартараф этиш ҳамда техник чигитдан фойдаланиш талабларига риоя этмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида огоҳлантириш хатлари тақдим этилган.

Аввалроқ, пахта-тўқимачилик кластерлари ўзаро келишган ҳолда биржада чигит нархини сунъий оширганликда гумонлангани, пахта ёғи қимматлашганини ўрганган Аксилмонопол қўмита 34 та кластерга нисбатан иш очгани маълум қилинган эди.

Шунингдек, ўтган йил етиштирилган пахта ҳосилидан олинган чигитни мамлакатдаги 14та кластер корхонаси биржа савдоларига чиқармагани хабар қилинган эди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид