Жамият | 14:47 / 16.05.2021
89051
3 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда каналдан 17 ёшли қизнинг мурдаси топилди. Яқинлари у қотиллик қурбони бўлганини айтмоқда

10-синф ўқувчиси каналдан кўзи боғланган ҳолда топилган.

12 май куни Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани Дўстлик маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи анҳордан 17 ёш қизнинг жасади топилган. Қиз Паст Дарғом туман Чандир қишлоғида яшовчи, шу тумандаги 45-мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўлган.

Марҳуманинг яқинлари Kun.uz билан боғланиб, фарзанди қотиллик қурбони бўлганини билдирди. Қизнинг отаси Раҳматулла Суяров воқеа юзасидан қуйидагиларни сўзлаб берди.

«11 май куни қизим оилавий рўза тутишимиз учун саҳарлик тайёрлашга уйғониб, бироздан сўнг йўқолиб қолди. Биз буни пайқаганимизда соат беш бўлиб қолган эди. Тезда излашни бошладик. ИИБ ва қариндошларга хабар бердик. Кўп ўтмай қишлоғимиздаги анҳор яқинидан унинг қўл телефони ва оёқ кийими топилди.

12 май куни эрталаб тонгги соат 5 лар атрофида қизимнинг жасадини анҳордан кўзи боғланган ҳолда топдик. Топилган вақтда унинг юзида жароҳатлар, бурни устида тирноқ излари бор эди.

Биз ўзимиз кўрган жароҳатлар, кейинроқ топилган гувоҳнинг сўзларидан келиб чиқиб, қизимизни тўрт нафар одам аввал номусига тегиб, кейин ўлдирган деган гумондамиз», – дейди марҳуманинг отаси.

Марҳуманинг яқинларига кўра, қиз йўқолган куни тонг саҳарда унинг қўлида бўлган телефонга бегона рақамдан жавобсиз қўнғироқ бўлган.

«Рақам эгасини топдик. Шу қишлоқда яшовчи йигит Ҳ.О. экан. У нима сабабдан қўнғироқ қилганини айтиб берди. Унга кўра, Ҳ.О. 11 май куни тонг саҳарда тўрт нафар боланинг қизимизни қуваётганини кўрган. Уларни инсофга чақирган, кейинроқ улардан икки нафари Ҳ.О.нинг қўлидаги телефондан қизга қўнғироқ қилган», – дейди қизнинг яқинлари.

Самарқанд вилоят прокуратурасининг ҳуқуқий ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими масъул ходимига кўра, дастлабки маълумотларга асосан мазкур ҳолатда қотиллик содир бўлмагани ва қиз ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Прокуратура масъул ходимига кўра, ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертиза тайинланган бўлиб, унинг натижаси кўп саволларга ойдинлик киритади. Таъкидланишича, тез орада воқеа юзасидан расмий маълумот берилади.

Мавзуга оид