Жамият | 16:00 / 20.05.2021
19502
4 дақиқада ўқилади
Реклама

“Тошкент сити” жамоаси халқаро КВН беллашувида ғолиб бўлди

“Тошкент сити” КВН бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Халқаро КВН Лигасининг чорак финал иштирокчисига айланди. Россиянинг Смоленск шаҳрида жорий йилнинг 13 май куни бўлиб ўтган мусобақанинг 1/8 финалида Ўзбекистон жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Беллашув натижасига кўра, юртдошларимиз 51 балл тўплаб Новокузнетск, Иваново, Ноябрск, Донетск ва Ленинград вилоятидан ташриф буюрган жамоалардан ўзиб кетишди.

Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз Халқаро КВН лигасида иштирок этиш ҳуқуқини жамоамиз 11-22 март кунлари Сочи шаҳрида бўлиб ўтган 32-Халқаро КВН фестивали – «КиВиН-2021»да қўлга киритишган эди. Мазкур фестиваль жорий йилда 15 дан ортиқ мамлакатлардан 300 дан кўпроқ жамоалар сафида 2000 га яқин ижодкор ёшларни ўзида жамлади. Фестиваль натижаларига кўра “Тошкент сити” жамоаси телевизион лигалар учун танланган бир қатор энг яхши жамоалар қаторидан ўрин олган эди.

Терма жамоамиз халқаро майдонда “Тошкент сити” номи билан қатнашиб келаётгани ҳам бежизга эмас. Бу ном Ўзбекистон ва унинг пойтахти – Тошкент шаҳрини ўзида аск эттиради. Ушбу ёндашувнинг асосий мақсади мамлакатимизни дунёга янада таништирган ҳолда юртимизда туризмнинг ривожланишига ҳисса қўшиш ҳамда ўзбек ҳажвиясининг сир-синоатлари ва ўзгача услубларини барчага намойиш этишдан иборат.

Жамоамизнинг муваффақиятли иштирокининг асосий омилларидан бири AKFA Group томонидан кўрсатилган ёрдам бўлди. Ҳозирги кунда мазкур ташкилот жамоанинг бош ҳомийси ҳисобланади.

Мамлакатимизда КВН ривожланиши ҳақида сўз борганда, Ўзбекистон Қувноқлар ва зукколар ассоциацияси ҳақида ҳам айтиб ўтиш жоиз. Ушбу ташкилот Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йил март ойида ташкил этилган.

Ҳозирги кунда Ассоциация июнь ойида бошланадиган “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг 2021 йилги мавсумига тайёрланмоқда. Биринчи – саралаш босқичи республикамизнинг бешта шаҳри – Тошкент, Андижон, Қарши, Самарқанд ва Нукусда фестиваль форматида ўтказилади. Фестивалда мавсумда иштирок этиш учун олдиндан буюртма берган 95 та жамоа қувноқлик ва зукколик бобида беллашадилар. Улар ўзбек тилида 6 дақиқа давом этадиган ҳазиломуз чиқишларни намойиш этадилар. Таъкидлаш жоиз, бу йилги кўрик-танловда иккита халқаро жамоа – Қозоғистоннинг Туркистон терма жамоаси ва Қирғизистоннинг Ўш шаҳри терма жамоаси ҳам иштирок этишади. Фестиваль натижаларига кўра ҳакамлар ҳайъати шу йилнинг кузида бўлиб ўтадиган ҚВЗ чорак финалида иштирок этиш учун энг яхши 20 тадан 30 тагача жамоаларни саралаб оладилар. Янги истеъдодлар “Тошкент сити” КВН бўйича Ўзбекистон терма жамоасига жалб қилинишлари ҳам мумкин.

Мавзуга қайтар эканмиз, олдинда “Тошкент сити” жамоаси – Халқаро КВН лигасининг 1/4 финалида иштирок этиши кутилмоқда. Ўйинлар 2021 йил сентябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Йигитларга ижодий муваффақиятлар ва бардавом ғалабаларни тилаб қоламиз!

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид