Паспорт шаклидаги iPhone Duo смартфонларини 23 октябр куни биринчи бўлиб Сиднейдаги Apple дўкони сота бошлади. Apple’нинг илк букиладиган телефонига талаб юқори бўлса-да, савдо чеклангани сабабли дунё бўйлаб дўконлар олдида аввалгидек узун навбатлар кузатилмаяпти.
Reuters’нинг ёзишича, талаб қанчалик юқори эканини олдиндан буюртмалар кўрсатди: 16 октябр куни буюртма қабул қилиш бошланганидан бир неча дақиқа ўтиб, етказиб бериш муддати январ охиригача сурилган. Duo — Apple ҳозиргача чиқарган энг қиммат iPhone: нарх 1999 доллардан (256 GB) бошланиб, 3199 долларга (2 TB) етади.
Бу телефон Apple учун катта синов ҳамдир. Чунки унинг рақобатчилари Samsung ва Huawei бундай телефонларни йиллардан бери сотади. Энди эса Apple бу тор бозорни ўзгартира оладими, деган савол туғилди. Қолаверса, Duo 1 сентябрдан компанияни бошқараётган бош ижрочи директор Жон Тернус учун ҳам дастлабки имтиҳон ҳисобланади.
Билиш керак бўлган 8 жиҳат
Wired нашри телефонни сотиб олишдан олдин билиш керак бўлган саккиз жиҳатни санаб ўтган.

1. Иловалар ҳали мослашмаган. 5,4 дюймли ташқи ва 7,6 дюймли ички экранларда навигация элементлари ўнг четга кўчирилган. Apple иловалари бунга мослаштирилган, аммо кўплаб бошқа иловалар ҳозирча икки четида қора чизиқли тор тасма кўринишида очилади.

2. Face ID ўрнида — Touch ID. Duo’да юзни таниш тизими йўқ, бармоқ изи сканери эса ўнг ён тугмага жойланган. Wired тахминича, юпқа корпусда Face ID учун жой етмаган.


























