Ким камбағал ёки камбағал эмаслигини аниқлашда одамларнинг яшаш даражасига бевосита таъсир кўрсатадиган омил – даромад ва харажатлар кўрсаткичи муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда камбағаллик кўрсаткичлари қандай ва уни қисқартириш бўйича нима ишлар қилинмоқда?

Ўзбекистон аҳолисининг қанча қисми камбағал?

Республикада камбағал аҳоли қатлами мавжуд бўлса-да, узоқ вақт бу мавзу тилга олинмай келгани сир эмас. Бундан икки йил илгари ҳам фақат кам таъминланганлар ҳақида гапириларди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил февралдаги парламентга мурожаатида илк бор Ўзбекистон аҳолисининг камбағал қатлами ҳақида сўзлади. Республика аҳолисининг 12-15 фоизи камбағал экани, уларнинг умумий сони 4,5-5 миллион нафарлигини таъкидлади.

Пандемия ва унинг салбий оқибатлари мамлакатда камбағаллик даражаси янада ортишига олиб келди. Айни пайтда бу бўйича янги ҳисоб-китоблар маълум қилинганича йўқ. 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари – иқтисодиёт бўйича фалсафа доктори Нурбек Йўлдошев бу мавзуга оид мақоласида аҳоли камбағаллашувига таъсир қилган қуйидаги омилларни ёзади:

  • асосан қишлоқ жойларда аҳолининг етарли билим ва малакага эга эмаслиги ва натижада меҳнат бозорида рақобатга дош беролмаслиги;
  • таълим тизимидаги салбий натижалар ва ҳудудларда тиббиёт сифатининг пастлиги;
  • аҳолининг баъзи қатламларида боқимандалик кайфиятининг юқорилиги, миллий урф-одатларда ортиқча сарф-харажатларнинг мавжудлиги;
  • айрим ҳудудларда ишсизликнинг юқори даражада эканлиги, янги иш ўринлари ташкил этилишининг фақат қоғоздагина мавжудлиги даромад камлиги ва яшаш даражасининг пасайишига олиб келган.

Агар мазкур кўрсаткичларнинг акси юз берса, яъни ишлаб чиқариш ривожланса, билим ва малака, бандликни таъминлаш, меҳнат бозорида рақобатбардошлик кўрсаткичлари ошса, ўз-ўзидан моддий ўсиш ҳам юқорилаши кузатилади.

Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистонда камбағалликнинг юқори даражаси Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Aндижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилмоқда.

Ҳисоб-китоблар натижасида камбағал дея таърифланаётган аҳолининг кунлик даромади 10-13 минг сўмни ташкил этиши маълум бўлган. Бироқ айни пайтгача аҳолининг минимал истеъмол харажатлари қанчалиги эълон қилинмаяпти. Дунё миқёсида эса аҳоли турмуш даражаси минимуми муҳим аҳамиятга эгалиги маълум ва бу доимий эътибордаги кўрсаткичлардан ҳисобланади.