Азиз фарзандларим!
Қадрли мактаб битирувчилари!
Аввало, барчангизни беғубор ўқувчилик йилларингизни ортда қолдириб, қадрдон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз билан хайрлашиб, ҳаётингизнинг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ушбу қувончли айёмда мамлакатимиздаги барча мактабларда «сўнгги қўнғироқ»лар янграб, қарийб 438 минг нафар ўқувчи ёшларимиз етуклик шаҳодатномаларини қўлларига олмоқда.
Бу нафақат сиз, азиз фарзандларимиз, балки биз – ота-оналар, устоз-мураббийлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеадир. Чунки, қалби пок орзу-умидлар билан тўлган сизлар каби навқирон, азм-у шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз.
Сизлар кейинги икки йил давомида пандемия шароитида ўқиб ва яшаб, қийинчиликларга қарши курашиш кўникмаларини ҳам эгаллашингизга тўғри келди. Албатта, бу мураккаб синовли кунлар ҳадемай ўтмишга айланади.
Ишончим комил, янги Ўзбекистон шароитида, замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакиллари сифатида барчангиз давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланасиз.
Қадрли ўғил-қизларим!
Маълумки, биз ўз олдимизга улкан мақсадларни қўйиб, уларга эришишнинг энг муҳим омили сифатида таълим-тарбия соҳасига жуда катта аҳамият бермоқдамиз.
Қисқа муддатда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади» деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.
Бу ҳақда гапирганда, охирги тўрт йилда 134 та янги мактаб қурилиб, 2 минг 965 та мактаб реконструкция қилиниб, тубдан таъмирлангани ва жиҳозланганини қайд этиш лозим.
Юртимизда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги замонавий Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилмоқда.
Ҳозирги вақтда республикамизда 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим, 171 та нодавлат, 18 та давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 56 та математика, 28 та кимё-биология, 14 та ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.







