Жамият | 13:33 / 26.05.2021
14962
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда 84 ёшли онахоннинг нафақаси ҳеч қандай сабабсиз берилмаган, мурожаатлар эътиборсиз қолган

Кимгадир бу муаммо кичик кўринар, аммо ёши 80дан ўтган одамнинг ўз нафақасини ололмай сарсон бўлиши муроса қилиб бўлмас масаладир.

Кейинги вақтларда ёшга доир ва бошқа турдаги нафақанинг сабабсиз кечикиши ёхуд умуман берилмай қолиши ҳақида турли ҳудудлардан оз бўлса-да мурожаатлар кела бошлади. Самарқанд шаҳрида яшовчи 84 ёшли онахоннинг аризасини ўрганарканмиз, бу гаплар бекорга эмаслиги ойдинлашди.

Айни вақтда инсультдан даволанаётган Барно Халилованинг мурожаатидан билиш мумкинки, муаммолар ўтган йил кузидан пайдо бўла бошлаган. Аввалига нафақа белгиланганидан камроқ чиққанига сарсон бўлган фуқаро, кейинчалик икки ойлик нафақасини умуман олмаган.

«Биринчи гуруҳ ногирониман, шу сабабдан нафақамда муаммо пайдо бўлса бирор жойга боришим ҳам муаммо. Март, апрель ойлари учун нафақам умуман етиб келмагач, ўғлимни пенсия жамғармаси шаҳар бўлимига юбордим. Бир неча марта бориб, куни билан сарсон бўлиб, асабийлашиб қайтиб келган ўғлимни кўриб ҳайрон қоламан. Менинг нафақам кимга керак бўляпти?» дейди Барно Халилова.

Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлимида бўлдик.

Бўлимда мутасаддилар ҳақиқатан ҳам онахоннинг икки ойлик нафақаси берилмай қолганини маълум қилди. Аммо нима учун, кимнинг қандай хатоси билан бу муаммо пайдо бўлгани ва нега фуқаронинг мурожаатларига қарамай вақтида ҳал этилмагани ноаниқлигича қолди. Бу техник хато экани айтилди, холос. Хўп, техник хато бўлибди, бундай вазиятда фуқаро мурожаат қилган заҳоти узр сўраб, бартараф этиш керакмасмиди?

Ўғил онасининг нафақа бўйича муаммосини ҳал этиш учун бир неча марталаб ушбу идора остонасида кунини ўтказишга мажбур бўлганини сўзлаб берди.

«Аслида нафақага қараб қолган жойимиз йўқ. Аммо онам учун ўзларига тегишли бўлган нафақа қадрли бўлса керак, гапларини ерда қолдирмай шу вақтгача бир неча марта шаҳар пенсия жамғармасига бордим. «Бўлди, кейинги ойга қўшворамиз» дейишади-ю аммо бу иш қилинмайди. Ташкилот раҳбарига ҳам учрадим. Тегишли ходимини чақириб хатоликни бартараф этишни буюрди, аммо май ойида яна алданганимни билдим. Булар, ҳеч қандай сабабсиз онамнинг нафақа пулларини беришмади.

Лекин аслида мени ҳайрон қолдирган нарса бу эмас. Онам-ку менга айтадилар, мен вақт топиб бу ташкилотга келавераман. Аммо фарзандлари ёнида бўлмаган бошқа кексалар бу ҳолатга дуч келишса нима қилишади? Қариган чоғида ардоқда юриш ўрнига бу идора эшигида сарғайиши, ходимларнинг қўпол муомаласига тоқат қилиш қанчалик тўғри? Аслида хато қилгани учун булар хижолат бўлиши, хатосини тезда тўғрилаши керак эди-ку?» дейди Барно Халилованинг ўғли Абубакр Ғаффоров.

Абубакр Ғаффоровнинг айтишича, гап фақат икки ойлик берилмаган нафақада ҳам эмас, ўтган йилдан бери кўп марта нафақанинг кам чиққани бўйича ҳам банк ва пенсия жамғармаси ўртасида сарсонгарчилик бўлган. Гўёки соҳа назоратдан четда қолгандек.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи Шуҳрат Қамаров ҳақиқатан ҳам фуқаро бу масала бўйича келгач, муаммони ҳал этиш учун тегишли ходимга топшириқ берганини маълум қилди. Қамаровга кўра тез орада, хатонинг келиб чиқиш сабаби ўрганилади, бунга йўл қўйган ва айтилганига қарамасдан уни бартараф этмаган ходимнинг ҳаракатларига баҳо берилади.

Аслида кексаларнинг нафақаси масаласида хато бўлмаслиги, техник сабаб билан бундай ҳолат юз берган тақдирда ҳам унга осон ечим топиш тизими йўлга қўйилиши керак.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири.
Фахриддин Ҳотамов олган суратлар.

Мавзуга оид