Ўзбекистонда Ижтимоий реестрга киритилган ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунга қадар бола парвариши нафақаси тўланади. Ўзини ўзи банд қилган ва ихтиёрий суғурта тизимига қўшилган аёллар ҳам бу тўловни олиши мумкин, аммо норасмий ишлайдиган оналарга нафақа берилмайди.

Ўзбекистонда ишлайдиган аёлларни оналик даврида қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида бола парвариши нафақасини жорий этиш белгиланмоқда. Янги тартибга кўра, ҳомиладорлик ва туғиш даври якунланганидан сўнг бола парвариши нафақаси ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида автоматик равишда тайинланади ва онанинг ижтимоий картасига тўлаб берилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилшодхон Муҳамеджонованинг айтишича, бу тизим 2026 йилдан жорий этилган давлат ижтимоий суғуртасининг мантиқий давоми ҳисобланади.

2026 йилдан бошлаб жорий қилинган давлат ижтимоий суғуртаси янги тизимининг мантиқий давоми сифатида ишлаётган аёлларнинг оналик даврида қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг фарзанди 1 ёшга тўлгунга қадар болалар парвариш нафақасини жорий этиш белгиланмоқда. Ижтимоий суғурта жамғармаси орқали ишлаётган аёлларни ҳомиладорлик ва туғиш давридан бошлаб то фарзандлари 1 ёшга тўлгунга қадар уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш кўзда тутилган. Муҳим жиҳати, жамғарма томонидан бугунги кунгача тайинланаётган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси каби бола парвариши нафақаси ҳам мурожаат талаб этилмаган ҳолда, аёллардан қўшимча ҳужжат ёки идораларга бориб ариза қолдириш талаб этилмаган ҳолда проактив шаклда тайинланиши белгиланмоқда. Бунда ахборот тизимларида мавжуд тизимлар асосида ҳомиладорлик ва туғиш даври якунланганидан кейин автоматик тарзда бола парваришлаш нафақаси тайинланади. Бу онанинг ижтимоий картасига тўғридан-тўғри тўлаб берилади.

Бугунги кунга қадар янги тизим жорий қилингандан бошлаб январ-август ойларида қарийб 94 минг аёлга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб берилган. Бола парвариши нафақаси жорий қилинганда айнан шу аёллар учун тўғридан-тўғри бу нафақани ҳам жамғарма орқали олиш имконияти яратилади”.

Кимлар нафақа олади?

Ҳозирча янги тўлов Ижтимоий реестрга киритилган ва ижтимоий суғурта тизими билан қамраб олинган ишлайдиган оналарга тааллуқли. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилган аёллар ҳам ушбу имкониятдан фойдаланиши мумкин.