Спорт | 18:03 / 27.05.2021
33699
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий жамоасининг Саудия Арабистонига йўл оладиган таркиби эълон қилинди

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Саудия Арабистонида ўтадиган марказлашган саралаш баҳслари учун якуний таркибни эълон қилди.

«Ўзбекистон миллий жамоаси июнь ойида бўлиб ўтадиган муҳим учрашувлар олдидан Тошкентда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинини якунлади.

Миллий жамоамиз 28 май куни Бирлашган Aраб Aмирликларига йўл олади. Қисқа муддатли тайёргарлик режасига кўра, вакилларимиз Дубай шаҳрида ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Aвстралия жамоаси таркибидаги бир неча футболчи жароҳат олганлиги сабабли Aвстралия томони 29 май кунги Ўзбекистонга қарши баҳсда майдонга туша олмаслигини маълум қилди. Шу сабабли, миллий жамоамиз 30 май санасида Таиланд вакилларига қарши тўп суради ва 1 июнь куни Саудия Aрабистонига жўнаб кетади», - дейилади ЎФА хабарида.

Бош мураббий Вадим Aбрамов Саудия Aрабистонида ўтадиган ЖЧ-2022 ва Осиё кубоги-2023 қўшма саралаш босқичидаги ҳал қилувчи учрашувлар учун 28 нафар футболчини жалб этган. 

Бўстонлиқ туманида ўтказилган йиғинда иштирок этган кенгайтирилган таркибдан Шароф Муҳитдинов («Пахтакор»), Фаррух Сайфиев («Пахтакор»), Азимжон Аҳмедов («Навбаҳор»), Жамшид Искандеров («Сённам», Ж.Корея), Равшан Ягудин («Бунёдкор»), Ҳусниддин Ғофуров (ОКМК), Шаҳзодбек Убайдуллааев («Шахтёр»), Абдулла Абдуллаев («Бунёдкор»), Искандар Шойқулов ва Жавоҳир Қаҳрамонов («Сўғдиёна») сингари 10 нафар футболчи якуний таркибдан ўрин олмади.

Ўзбекистон миллий жамоасининг Саудия Арабистонида ўтадиган ЖЧ-2022 саралаш босқичига йўл олган футболчилар рўйхати:

Дарвозабонлар: Абдувоҳид Неъматов (Насаф), Валижон Раҳимов (ОКМК), Санжар Қувватов (Пахтакор).

Ҳимоячилар: Ислом Тўхтахўжаев (Қизилқум), Ислом Қобилов (Локомотив), Ҳусниддин Алиқулов (Насаф), Рустамжон Ашурматов (Гангвон, Ж.Корея), Олег Зотеев (Ж.Драгонс, Ж.Корея), Иброҳимхалил Йўлдошев (Пахтакор), Ҳожиакбар Алижонов (Пахтакор), Санжар Қодирқулов (Локомотив), Умарбек Эшмуродов (Насаф).

Яримҳимоячилар: Одил Аҳмедов (Цанчжоу Майти Лайонс, Хитой), Отабек Шукуров (Шаржа), Жалолиддин Машарипов, Одил Ҳамробеков (иккаласи Шабоб Ал Аҳли, БАА), Икром Алибоев (Тэджон, Ж.Корея), Достон Ҳамдамов (Ҳатта, БАА), Вагиз Галиулин (Нефтехимик, Россия), Аброр Исмоилов, Ҳожимат Эркинов (Пахтакор), Ойбек Бозоров (Насаф), Санжар Шоаҳмедов (ОКМК).

Ҳужумчилар: Элдор Шомуродов (Женоа, Италия), Игорь Сергеев (Оқтўбе, Қозоғистон), Темурхўжа Абдухолиқов (Локомотив), Шоҳруз Норхонов (Сўғдиёна), Фаррух Икромов (Бунёдкор).

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида ЖЧ-2022 ҳамда ОК-2023 қўшма саралаш баҳслари доирасида Саудия Арабистонида ўтадиган марказлашган турнирда Ўзбекистон миллий жамоаси Сингапур, Яман ва Саудия Арабистони жамоаларига қарши ўйинларда кейинги босқич йўлланмаси учун кураш олиб боради.

ЖЧ-2022 саралаш босқичи. D гуруҳи
7 июнь. Ўзбекистон – Сингапур. 23:00
11 июнь. Яман – Ўзбекистон. 23:00
15 июнь. Саудия Арабистони – Ўзбекистон. 23:00.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси 5 ўйиндан кейин гуруҳда Саудия Арабистондан кейинги 2-ўринда бормоқда. Вадим Абрамов шогирдлари ҳисобида 9 очко мавжуд.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид