«Мамлакатимизда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергиясига тобора ўсиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида кўплаб энергия иншоотлари барпо этилмоқда. Хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқдаки, бу анъанавий энергия ресурслари чекланган бугунги шароитда ва келажакда муҳим ўрин тутади.
Жорий йилда Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar», Франциянинг «Total Eren» компаниялари томонидан Навоий ва Самарқандда ҳар бирининг қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади.
Шундай замонавий станциялардан бирини Шеробод туманида қуриш бўйича тендер эълон қилинган эди. Тендер савдоларини ўтказишда Осиё тараққиёт банки техник ва молиявий маслаҳатлари билан иштирок этди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Лойиҳани амалга оширишга 50 дан ортиқ халқаро компания қизиқиш билдирди. Икки босқичли танловдан сўнг, Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси энг арзон тариф таклиф этиб, ғолиб бўлди.
Лойиҳа доирасида мазкур компания томонидан қуввати 457 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 220 кВт кучланишли янги нимстанция ва «Сурхон» нимстанциясига уланиш учун 52 километрлик электр узатиш тармоғи барпо этилади.
Қуёш фотоэлектр станцияси учун 601 гектар майдон ажратилган. Masdar компанияси 260 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилади. Станциянинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,04 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Бунинг натижасида йилига 340 миллион куб метр табиий газ тежалиб, 300 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади.
Фотоэлектр станцияси қурилишида минг киши, битганидан кейин 120 нафар мутахассис ишлайди. Ушбу йирик иншоотни 2023 йил августда ишга тушириш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда тежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

«Ҳар бир киловатт-соат электр энергиясини 1,8 цент нархида сотиб олиш имконияти пайдо бўлиб, бу республикамиз иқтисодиёти учун жуда катта ютуқ ва аҳолига енгилликдир. Умуман олганда, ушбу станциянинг барпо этилиши, унда ишлаб чиқариладиган электр энергияси ва янги инфратузилмалар вилоятнинг комплекс ривожланиши учун катта туртки бўлади», - деди давлат раҳбари.





















