Ўзбекистон | 14:32 / 02.06.2021
14946
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши курашга 80 трлн сўм маблағимиз кетди, лекин бу пулга ачинмайман – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан учрашув бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилди.

“Худо берган шунча сувимиз турибди, лекин халққа етказиб бера олмаяпмиз. Қуёшдан энергия оляпмиз, энди бу томонини ҳам тўғрилаб қўяйлик. Сув таъминотини босқичма-босқич амалга оширишимиз керак. “Тўпаланг” сув омбори катта қийинчиликлар билан барпо қилинган, энди Сурхондарё халқига хизмат қилиши керак. [Бош вазир ўринбосари Очилбой] Раматов, бу лойиҳага, яъни “Тўпаланг”дан аҳолига сув етказиб беришга шахсан жавобгар бўласиз.

Бу халқ учун ажратилаётган маблағ, ҳар бир сўми учун сўров қаттиқ бўлади. Шунча қийинчиликларга қарамай, бу маблағни топиб беряпмиз. Агар пандемия бўлмаганида эди, имкониятларимиз янада кўпроқ бўларди. Коронавирусга қарши курашга 80 трлн сўм маблағимиз кетди. Лекин бу пулга ачинмайман, халқимизни имкон қадар асраб қолдик. Демак янги лойиҳалар учун ажратилаётган бу маблағларнинг сўрови бўлади. Оқсоқоллар, “Болам, нима қиляпсан?” деб раҳбарларни тергаб туринглар.

Энди ҳалол ишлаган раҳмат олади, ўғрилик қилган лаънат олади. Ўз ҳудудида лаънат олиб, шарманда бўлади”, – деди президент.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг Сурхондарёга ташрифи чоғида аҳоли мурожаатлари орасида сув таъминоти муаммоси кўп кўтарилган, президент бу масала ечими сифатида “Тўпаланг” сув омборидан босқичма-босқич сув тортиб келиш режалаштирилаётганини билдирган эди.

Лойиҳа ҳаётга татбиқ этилганидан сўнг 2,5 млн кишилик Сурхондарё вилояти аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Мавзуга оид