14:55 / 05.06.2021
7143

Ҳокимлар фаолиятини мактаблар рейтинги орқали баҳолаш мезонлари тасдиқланди

Ҳокимлар ҳамда уларнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини мактаблар рейтинги орқали баҳолаш мезонлари тасдиқланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси хабар берди.

Қайд этилишича, ҳукумат қарори билан умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги янги низом тасдиқланди.

Низомга 3-илова сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда уларнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини умумий ўрта таълим муассасалари рейтинги орқали баҳолаш мезонлари ва ҳисоблаш методикаси тасдиқланди.

Унга кўра мазкур жараёнда қуйидаги кўрсаткичларга эътибор қаратилади:

  • 11-синф битирувчилари томонидан ОТМларга киришда тўплаган баллари; 
  • ОТМга ўқишга кирганлар салмоғи;
  • ўқувчи ва ўқитувчиларнинг чет тилларини билиш даражаси; 
  • 11-синф битирувчиларининг бандлиги;
  • ўқувчилар ўртасида содир этилган жиноятлар улуши (Бош прокуратура маълумоти асосида);
  • педагогларнинг сифати (салоҳияти); 
  • мактаблар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ўқув-тарбиявий муҳитни қўллаб-қувватлаш учун туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг орттирилган маблағлари ҳисобидан қилинган қўшимча харажатлар ҳажми (Молия вазирлиги маълумоти асосида);
  • таълим муассасасида маънавий-маърифий ва ўқув тарбиявий муҳит (Ўзбекистон президенти илгари сурган беш ташаббус доирасида қилинган ишлар асосида).
Top