Президент қарори асосида, 2021 йил 1 июндан бошлаб солиқ тўлашда интизомли бўлган тадбиркорларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди.

Шу мавзу юзасидан Kun.uz саволларига Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти бўлим бошлиғи Умид Ҳамроев жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси солиқларни бўлиб-бўлиб тўлашнинг вақтинчалик тартибини ишлаб чиқмоқда. Шунингдек, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади, булар кучга киргунча вақтинчалик тартибга амал қилинади.

— Кимлар солиқларни бўлиб тўлаш имконига эга бўлади?

— 2021 йил 1 июн ҳолатига кўра, уч йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлиқ тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра, солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектлари солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин бўлади.

Солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 97-моддаси 13-қисми талабларини инобатга олиб, солиқ агентларига нисбатан татбиқ этилмайди.

— Солиқларни қанча миқдорда бўлиб тўлаш мумкин бўлади?

Гаровсиз бўлиб-бўлиб тўланадиган солиқ суммаси тадбиркорлик субъектлари томонидан охирги уч йил давомида тўланган солиқ суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.

Дейлик, тадбиркор бугунги кунда 150 миллион сўмлик солиқларни бўлиб-бўлиб тўламоқчи. Бу тадбиркор 2018 йил 6 июндан 2021 йил 6 июнгача (3 йил муддатда) солиқларни ўз вақтида тўлаб келган ва мана шу 3 йил давомида жами тўланган солиқлар миқдори 200 миллион сўм (50 фоизи 100 миллион сўм). Мазкур ҳолатда тадбиркор 150 миллион сўмлик солиқларнинг 100 миллион сўмга тенг миқдорини гаровсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади.

— Бу имкониятдан тадбиркорлик субъектлари қанча муддатгача фойдаланиши мумкин?

Солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш тадбиркорлик субъектлари тўлов муддатлари кўрсатилган график асосида Давлат солиқ бошқармалари ва Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясининг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан