Ҳа, атрофдаги барча нарса қуёш тиғида қизий бошлагач, мия қайнаб кетгудек бўлади. Бундай муҳитда офис ходими ишлаш тугул, қимирлашга мажолсиз бўлиб қолади, албатта. Офтобда ишлашга мажбур бўладиганларни-ку, асти сўраманг.
Об-ҳаводан арз қилиб бўлмайди. Шунинг учун салқин кунлар келишига ҳали анча борлигини инобатга олиб, жазирамадан сақланиш бўйича маслаҳатларга амал қилинг.
Умумий қоидалар
1. Енгил кийининг. Матоси табиий толалардан тўқилган, ранги оч тусли, ҳавони яхши ўтказадиган кийимларни танланг. Қалин жинси шимларни куз келгунча тахмонга тахлаб қўйинг.
2. Ишга бош кийимсиз ва қорайтирилган кўзойнаксиз чиқманг. Ҳар эҳтимолга қарши, терини қуёш нурида куйишдан асровчи косметик воситалар билан «дўстлашиб» қўйинг.
3. Терига ёғли кремлар ва ҳаддан зиёд косметик воситалар суртманг.
4. Имкон қадар кўпроқ газсиз сув ичинг, унга лимон ёки ялпиз ҳам қўшишингиз ҳам мумкин. Кўк чой, компотлар ҳам тавсия этилади. Ичимликлар салгина совитилган бўлса, янада яхши. Қаҳва ва алкоголдан воз кечинг.
5. Ҳазми енгил таомлар истеъмол қилинг. Мевалар, музқаймоқ ва турли-туман сабзавотли фрешлар — ёз мавсуми учун идеал вариант.
6. Энг яхшиси, таътилга чиқинг ва тоғли масканларда дам олинг.
Кўчада ишловчилар иссиқдан қандай сақланиши керак?
Қурувчилар, ҳаммоллар, тракторчилар, автотураргоҳларда ишловчилар ва кўчада кун бўйи ишловчилар нима қилиши керак? Боз устига, уларнинг аксарияти қалин униформада бўлишади. Нимани ҳал қилиб бўларди, қоидалар ва хавфсизлик техникаси шуни талаб этади.. Бундай ишчилар учун иссиқдан сақланишнинг қуйидаги усуллари мавжуд:

1. Ҳам ичиш, ҳам ювиниш учун ёнингизда имкон қадар кўпроқ сув захираси бўлсин. Ичимликларни салқин сақловчи термосингиз бўлсин.
2. Юзингизни ифлос кафтларингиз ёки кийимингиз енгига арта кўрманг. Бу вазият учун чўнтагингизда доимо нам сочиқчалар бўлсин.
3. Техник танаффуслар қилинг. Ҳар бир соат ишдан сўнг 10 дақиқа дам олинг. Ёки икки соатлик ишдан сўнг 15 дақиқа.
4. Сояда туриб ишлашга ҳаракат қилинг. Агар бу имконсиз бўлса — вақти-вақти билан соялаб туринг.










