Ўзбекистон | 16:39 / 08.06.2021
1455
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдан олиб чиқилаётган 450 килограмм истеъмолга яроқсиз номаълум ҳайвон гўшти йўқ қилинди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида жойлашган Умакай мунтазам йўл-патруль масканида 450 килограмм истеъмолга яроқсиз номаълум ҳайвон гўшти тўхтатиб қолинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 20 май куни соат 01:00 ларда, Чироқчи тумани Умакай мунтазам ЙПХ масканидан ўтаётган, оғир юк ортган «Ласетти» машинаси тўхтатиб текширилган. Текширувда Косон тумани «Пахтазор» МФЙда яшовчи Т. М. ўзига тегишли бўлган «Ласетти» машинасида истеъмолга яроқсиз бўлган номаълум ҳайвон гўштини ортиб ортиб кетаётгани аниқланган. Ҳайдовчидан жами 450 килограмм истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулоти тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, Чироқчи тумани ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўлимининг 2021 йил 3 июндаги хулосасига кўра, Т.М.дан олинган 450 килограмм гўшт номаълум ҳайвонга тегишли эканлиги ва истеъмолга яроқсиз бўлган. Шу сабабли гўшт зарарсизлантирилиб, ёқиш йўли билан куйдирилиб йўқ қилиниши белгиланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Т.М.га нисбатан қонунларда белгиланган тартибда жиноий иш қўзғатилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид