Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида ҳуқуқбузарлик содир этиб, яшириниб юргани учун қидирув эълон қилинган шахсларнинг рўйхати келтирилган.

Kun.uz мухбири бу маълумотлардан фойдаланиб, қидирувдаги шахслар сони, уларнинг ёши ва содир этган ҳуқуқбузарлик тури юзасидан таҳлил ўтказди.

2021 йил 1 июнь ҳолатига кўра, ИИВ расмий сайтида қидирув эълон қилинган шахслар сони 3075 нафарни ташкил қилмоқда.

Қидирувдаги шахсларнинг 27 фоизи – фирибгарликда гумонланаётганлар

Энг кўп қидирув Жиноят кодексининг 168-моддаси – «Фирибгарлик» жиноятини содир этганликда гумонланаётган 819 нафар шахсга нисбатан эълон қилинган. Бу умумий қидирувдагилар сонининг 27 фоизини ташкил қилади.

Ундан кейинги ўринларни ўзлаштириш (167-модда) ва ўғрилик (169-модда) жиноятларини содир этгани учун қидирувда бўлган шахслар банд этган. Улар умумий қидирувдагилар сонининг 21 фоизини ташкил қилади.

Қасддан одам ўлдириш (97-модда) жиноятини содир этгани учун қидирув эълон қилинган шахслар – 185 нафар. Бу умумий қидирувдагилар сонининг 6 фоизини ташкил қилади.

Босқинчилик, одам савдоси ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиш каби жиноятларни содир этганликда гумонланиб қидирув эълон қилинган шахсларнинг сони ҳам ҳар бир жиноят тури бўйича 100 нафардан ошади.

Шунингдек, 3 мингдан ортиқ қидирувдаги шахсларнинг 26 нафари қандай ҳуқуқбузарлик учун қидирувда экани кўрсатилмаган.

Вазирлик томонидан қидирув эълон қилинган шахсларнинг ёш тоифасини таҳлил қилиш давомида қизиқ рақамларга дуч келдик.

Масалан, қидирувдагиларнинг 7 нафари 90 ёшдан ошган, улардан бири 99 ёшда. 80 ёшдан ошган қидирувдагилар сони 12 нафарни ташкил этади. Кекса ёшдаги қидирилаётганларнинг қидирув сабаблари ҳақида маълумотлар манбада келтирилмаган.

Умумий ҳисобда, қидирув эълон қилинганларнинг 8,5 фоизи ёки 260 киши 60 ёшдан ошган. Мос равишда қидирувдагиларнинг 91,5 фоизини ёки 2815 нафарини эса 60 ёшгача бўлган шахслар ташкил қилади.