Европада йилнинг энг катта футбол воқеаси бошланишига кўп фурсат қолгани йўқ. Бу даврга келиб, турнир фаворитлари ўзлари учун якуний таркибларни тўлиқ танлаб олган ва энди уларнинг потенциали, мусобақадаги имкониятлари хусусида фикрларни билдириб ўтиш мумкин.

Албатта, биз рақамлар, футболчиларнинг умумий ҳолатига қараб, таҳлилларни амалга оширамиз. Улар тўлиқлигича тўғри чиққан тақдирда, футболни томоша қилишдан маъно қолмасди. Европа чемпионати ва бу типдаги мусобақалар доим ўз ичига сюрпризларни яширган бўлади. Бироқ шуниси маълумки, «кўҳна қитъа» биринчилиги олдидан Англия фаворитлардан бири. «Уч шерлар» жамоасида эса муҳокамага арзийдиган мавзулар мавжуд.

Футбол ватани ҳисобланадиган Англия нуфузли мусобақаларда у қадар совриндор эмас. Таъбир жоиз бўлса, уларни омадсиз деб ҳам аташ мумкин. Жамоа бирор марта Европа чемпионатида зафар қучмаган. Жаҳон чемпионатидаги ягона ғалаба олис 1966 йилга бориб тақалади. Бугун Англия миллий жамоасининг таркиби ҳавас қиларли даражада. Аммо бундан аввалги иккита нуфузли мусобақада инглизлар жуда аламли тарзда мусобақани тарк этди. Россиядаги мундиалда «туманли альбион» вакиллари 1990 йилдан сўнг, биринчи маротаба яримфиналда қатнашди. Рақиб Хорватия эди. Барчаси англиялик футбол мухлисларини хурсанд қиладиган ҳолатда кетаётган эди. Кутилмаганда, Саутгейт шогирдлари имкониятни бой берди. Учинчи ўрин учун курашда ҳам Белгияга енгилдилар. Кейинроқ, Миллатлар лигаси яримфиналида ҳам мағлубият аламини тотишга мажбур бўлишди. Бу каби «олтин авлод» соврин ютмасдан фаолиятини якунласа, қандай ачинарли…

Дарвоза: Жордан Пикфорд

«Эвертон» посбонида дарвозабондан талаб қилинадиган барча хислатлар мавжуд. Аммо ўзига бўлган ишонч масаласида Жордан анча оқсайди. Баъзан имконсиз тўпларни олиб чиқадиган кипер бирдан арзимаган вазиятда гол ўтказиб юборса, буни қандай изоҳлаш мумкин?! Унинг бахтига, рақобатчилари мавсумни барқарор ўтказа олмади. Дин Ҳендерсон асосий вақтини «МЮ» захирасида сарфлади. Ник Поуп «Бёрнли» муваффақиятсизликлари соясида йиғинга жалб этилмади. Жонстоун ва Рамздейл эса, буткул чорасизликдагина майдонга туширилиши мумкин.

Пикфорд мана шу турнирда ўзини кўрсатиб олмаса, тобора Де Хеани захирага ўтказаётган Ҳендерсон у билан ҳам худди шу ишни амалга оширади.

Ҳимоя чизиғи: Жон Стоунз

Ҳарри Магуайр энг камида гуруҳ босқичи беллашувларини ўтказиб юборади. Бу ҳолда ҳимоядаги энг катта юк Жон Стоунзга тушади. Премьер-лигада унинг Рубен Диаш билан ташкил қилган тандеми катта фойда келтирди. Жуда кўп нашрларнинг талқинига кўра, Англия чемпионатида мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилган португалиялик ҳимоячининг инерцияси Стоунзга ҳам таъсир этиб, бир неча мавсумлик мазмунсиз ўйинларини унуттириб юборди.