Хоразм вилояти, Янгибозор тумани, Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи оила эндигина 15 ёшга қадам қўйган қизи маҳалладошлари томонидан зўрлангани ҳақида хабар беришди.

Қиз оддий ишчилар оиласида катта бўлган. Отаси қурилишда ишлайди, онаси таълим муассасасида фаррошлик қилади.

Қизнинг бувисининг сўзларига кўра, 2020 йил сентябрь ойида набираси маҳалладоши томонидан зўрланган.

«2020 йил сентябрь ойида Фарҳод (исм ўзгартирилди, гумондорнинг асл исми-шарифи таҳририятга маълум) исмли киракаш таксичи мактабдан қайтаётган набирамни уйга ташлаб қўйишини айтиб, машинасига ўтқазган. Бироқ, Фарҳод уни уйга эмас, балки кимсасиз жойга, сув идорасининг биносига олиб борган. Шундан сўнг, куч ишлатиб, қўрқитиб, қизнинг қўл оёғини машина тасмаси билан боғлаб, зўрлаб номусига теккан. Бу воқеани ҳеч кимга айтмасликни талаб қилиб, агар айтса ўлдириши билан таҳдид қилган. Афсуски, биз бу воқеадан бехабар қолдик. Набирам қаттиқ қўрқув ва андиша туфайли бу воқеани ҳеч кимга айтмаган. 2021 йил январь ойида эса бу воқеа яна такрорланди», дейди қизнинг бувиси.

Онасининг сўзларига кўра, 2021 йил январь ойидаги воқеалардан сўнг ҳаммаси ошкор бўлган.

«2021 йил 13 январь куни қизим мактабга кетиб, қайтиб келмади. Қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар орасидан изладик. Самара бермагач, Янгибозор тумани ИИБга мурожаат қилдик. 14 январь куни тонгда қизим топилди. Шунда маълум бўлишича, киракаш-таксичи Фарҳод қизимни йўлда машинасига мажбурлаб ўтқазган. Шундан сўнг, Маданият қишлоғидаги бир уйга олиб борган. У ерда икки ҳамтовоғи Эркин ва Ёрқин (исмлар ўзгартирилди, гумондорларнинг асл исми-шарифи таҳририятга маълум) ҳам бўлган. Улар қизимга мажбурлаб ароқ ичиришган, сўнгра яланғочлаб, ўртага олиб, таҳқирлашган. Камида икки нафари уни зўрлаган», дейди она.

Ҳолат юзасидан Урганч шаҳри ИИБ суриштирув ўтказиб, экспертиза тайинлаган. Аммо воқеаларнинг кейинги ривожи оилада хавотир уйғотмоқда.

«Урганч шаҳар ИИБ аризамизни қабул қилиб, суриштирув ўтказди, экспертиза тайинлади. Сўнгра иш материалларини Янгибозор тумани ИИБга юборди. Ишни терговчи Бобур Юлдашев олиб борадиган бўлди.

Аммо Урганч шаҳридаги экспертиза қизимни бокира экани ҳақида, унда ҳеч қандай тан жароҳати йўқлиги ҳақида хулоса берди. Ваҳоланки, унинг танасида кўкарган жойлари ҳам бор эди. Биз экспертизадан фотосуратларни тақдим қилинг десак, «суратлар телефон хотирасидан ўчиб кетди», деган жавобни олдик. Шундан сўнг, Бухоро шаҳрида экспертиза тайинланди. Унинг хулосасида қизимнинг бокира эмаслиги аниқланди. Аммо вақт ўтиб кетгани туфайли, кўкарган жойларини аниқлаш имкони бўлмади», деди қизнинг отаси.