Ўзбекистон | 08:51 / 11.06.2021
2655
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда автобус ва яна иккита машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида автобус ҳамда иккита машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 10 июнь куни соат 19:00лар атрофида М-37 Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши халқаро автомобиль йўлининг Самарқанд тумани ҳудудидан ўтувчи 3-километрида Labo, Lacetti ҳамда автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида Labo кичик юк машинаси ағдарилиб кетган ва унинг ҳайдовчиси енгил тан жароҳатлари олган. Унга тиббиёт бирлашмасида тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Йўл-транспорт ҳодисасининг бошқа иштирокчиларига жароҳат етмаган. Таъкидланишича, автобусда йўловчилар бўлмаган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид