Жаҳоннинг биринчи рақамли ракеткаси Новак Жокович «Ролан Гаррос» финалида беш сет давом этган учрашувда грециялик теннисчи Стефанос Циципасни мағлуб этди ва «Катта дубулға» турнирларидаги 19-совринини қўлга киритди. Унинг асосий рақиблари Рафаэл Надал ва Роджер Федерерда 20тадан ғолиблик бор.

Учрашув ҳисоби - 6-7, 2-6, 6-3, 6-2, 6-4.

Кўплаб шарҳловчилар аслида турнир финали мақомига тенг учрашув яримфиналдаёқ бўлиб ўтган деган фикрда эди, Жокович яримфиналда турнирнинг асосий фаворити бўлган Надални енгганди. Надални «грунт кортлар қироли» деб аташади, у «Ролан Гаррос»да 13 бор ғолиб чиққан, у ўз фаолияти мобайнида Парижда бир неча сет ютқазган, холос.

Финалдаги мағлубиятга қарамай, Циципас ва теннис учун қатор сабабларга кўра бу баҳс тарихий бўлди. Биринчидан, Греция вакили илк бор «Катта дубулға» турнирлари финалида ўйнади.

22 ёшли Циципас Энде Маррей давридан буён «Катта дубулға» финалида ўйнаган энг ёш теннисчи бўлди - англиялик теннисчи бу мақомга эришганида 23 ёшда эди, ўшанда у 2010 йили Australian Open финалига чиққанди.

Шунингдек, Надалнинг серияси якунланиши кутилмаган ҳол бўлди - у Париж грунтларида жами 13 бор ғолиб чиққанидан ташқари, 2017 йилдан буён узлуксиз чемпион бўлиб келаётганди.

Стефанос Циципас бунгача икки марта «Катта дубулға» турнирларида яримфиналгача етиб борган (икки сафар ҳам Australian Open турнирида) ва икки сафар ҳам ютқазган: 2019 йилда у Рафаэл Надалга, 2021 йилда - Даниил Медведевга.

У Жоковичга қарши 9 ўйиндан учтасида ғолиб бўлган, шу туфайли сербиялик теннисчини финал арафасида яққол фаворит деб бўлмасди. Лекин грециялик теннисчи мураккаб қопламали деб ҳисобланувчи грунт кортларда бирор марта ғолиб чиқмаган.

Воқеалар ривожи
Циципас дастлабки икки сетда устун келди: биринчи сет тай-брейкка олиб борилди, иккинчисида осон ғалабага эришилди - 6-2. Аммо кейин Жокович камбэк амалга ошириб, кейинги икки партияда ғалаба қозонди.

Кўпчилик буни кутмаган бўлса-да, учрашув тақдири бешинчи сетда ҳал бўлди.

Ушбу баҳсдаги бурилиш нуқтаси бешинчи сетнинг учинчи геймида рўй берди, бу геймдаги шиддатли кураш Жокович фойдасига ҳал бўлди. Сет давомида грециялик теннисчи рақиб бошлаган ғолиб бўлиб брейк амалга ошира олмади ва бу якунда унинг мағлубиятига олиб келди.