Жамият | 15:21 / 15.06.2021
29063
3 дақиқада ўқилади

Иштихонда ҳокимлик матбуот хизмати ходими журналист камерасининг хотира картасини «еб қўйгани» айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ходими шу туманга борган журналистларнинг камерасига ташланиб, ундаги хотира картасини чайнаб, йўқ қилгани ҳақида хабар тарқалди.

Маълум бўлишича, 14 июнь куни «My5» телеканали «Марказий студия» кўрсатуви ходимлари Иштихон деҳқон бозоридаги озиқ-овқат расталарида содир бўлган ёнғин тафсилотини ёритиш учун воқеа жойига борган. Аммо бу ерда журналистлар туман ҳокимлиги ахборот хизмати ходими Илҳом Бобоевнинг қаршилигига учраган. Тарқалган видеоларда воқеалар тасвирга олинаётган вазиятда ахборот хизмати ходими камера хотира картасини суғуриб олаётгани ҳам тушиб қолган.

«My5» мухбирининг Kun.uz’га маълум қилишича, ижодий гуруҳ ёнғин содир бўлган ҳудудга борганида, маҳсулотлари ёниб кул бўлган тадбиркорлар билан суҳбатлашаётган туман ҳокимини учратган ва ҳолат бўйича қисқача изоҳ ҳам олган.

«Бироқ ҳокимлик ахборот хизмати айнан ёнғин жойидан тасвирлар олишимизга қаршилик кўрсатиб, муаммо ҳал бўлганини айта бошлади. Биз ҳеч қандай муаммони эмас, бўлган воқеани ёритмоқчимиз, дейишимизга қарамасдан қаршилик кўрсатишда давом этди. Кейин эса тўсатдан камерамиздан хотира картасини олиб қўйди.

Шерикларим унинг картани оғзига солиб чайнаб юборганини айтмоқда. Ахборот хизмати ходими картани чайнаб йўқ қилдими, ютиб юбордими, нима қилди, аниқ билмайман. Аммо унда жуда муҳим ишларимиз бор эди.

Тезда вазиятга ИИБ ходимлари аралашиб, Илҳом Бобоевнинг бизга қаршилигини тўхтатди, аммо барибир хотира картасиз қолдик», дейди мухбир.

Kun.uz Иштихон туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари билан боғланди.

«Бозордаги ҳолатни ўрганиш учун кечаси соат 01:00да боргандик. Тушга яқин энди одамларни тинчлантирай деганимизда ҳаммаси қайтадан бошланди. Фуқаролардан интервью олишлари жараёнида яна одам йиғилиб кетди. Одамлар жазавада эканини бир неча бор тушунтирдим, одамлар, аёллар яна уришиб кетишди. Хуллас, тушунмовчилик бўлди», дейди ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари.

Ҳокимлик ахборот хизмати бу борада тез орада расмий маълумот берилишини билдирди.

Мавзуга оид