36 ёшли Насиба туғуруқ учун шифохонага келганида ҳеч ким орадан тўрт кун ўтиб унинг ўлими ҳақида хабар тарқалишини тасаввур қилмаганди. Бу вақт ичида аввал ҳомила нобуд бўлди, сўнг онанинг аҳволи оғирлашиб борди ва ўзи ҳам вафот этди. Яқинлари бу жараёнда шифокорлар бепарволик қилганини иддао қилмоқда. Шифокорлар эса бу даъволарни рад этяпти.

Kun.uz воқеа иштирокчилари билан суҳбатлашиб, 10 апрелдан 14 апрелгача бўлган воқеалар занжирини қайта тиклашга ҳаракат қилди.

Хавф қачон бошланганди?

Самарқанд вилояти Иштихон туманида истиқомат қилиб келган Насиба Элмуродова тўртинчи фарзандини дунёга келтириш учун 10 апрел куни соат 14.00 лар атрофида туман соғлиқни сақлаш бўлимига олиб келинади. Унинг овсини Озода Михлибоеванинг айтишича, қабул бўлимидаги шифокорлар беморни дастлаб УЗИ текширувидан ўтказишни сўрашган. Текширув натижалари топширилганидан кейин аёл шифохонада қолдирилган.

Соат тахминан 16:00 га келиб навбатчилик алмашади ва Насиба Элмуродова акушер-гинеколог Тўлқин Эштемиров назоратига ўтади. Оила аъзоларининг айтишича, бу вақтда шифокор беморнинг яқинларига ҳеч қандай жиддий хавф ҳақида гапирмаган. Аксинча, аёл туғуруқни табиий йўл билан ўтказиши мумкинлиги маълум қилинган ва шу сабаб улар уйларига қайтишган.

Озода Михлибоева уйга борганидан сўнг ҳам овсини билан телефон орқали алоқада бўлиб турганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, Насиба ўзини яхши ҳис қилмаётганини билдирган.

«Шифокор кўрдими?» деган саволга у «Йўқ», деб жавоб берган. Озода уни шифокорлар олдига боришга ундаганида эса: «Юрсам сув кетяпти», деган.

Бу, эҳтимол, марҳуманинг воқеалар занжиридаги сўнгги тўғридан-тўғри айтилган гапларидан бири эди.

Айнан шу нуқтада биринчи савол пайдо бўлади. Агар беморда сув кетиши бошланган бўлса, бу ҳолат қай даражада хавфли баҳоланган? Унинг аҳволи кечки соатларгача қандай назорат қилинган? Бу ҳақда ҳозирча фақат томонларнинг кўрсатмалари бор.

Соат 21:00 лар атрофида шифохонадан оила аъзоларига қўнғироқ бўлади. Улардан зудлик билан келиш сўралади. Бу вақтга келиб ҳомиланинг аҳволи оғирлашгани айтилган.