Чоршанба кунига белгиланган Женевадаги АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги учрашув дўстона руҳда кечмаслиги тахмин қилинмоқда.
Яқинда Россия АҚШни «дўст бўлмаган мамлакатлар» мақомида кўришини маълум қилганди. Икки томон ҳам ўзаро муносабатлар минимал даражага тушиб қолганини тан олмоқда ва ҳозирда икки мамлакат пойтахтида уларнинг элчилари мавжуд эмас.
АҚШ Қримнинг қўшиб олинишидан тортиб Америка сайловларига аралашишгача бўлган сабаб билан Россиянинг айрим юқори лавозимли амалдорларига қарши санкциялар қўлламоқда. Қолаверса, АҚШнинг икки денгиз пиёдаси Россияда жосусликда айбланиб, ҳануз 16 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
Устига устак, март ойида Жо Байден америкалик журналистлардан бирига берган интервьюсида Путинни «қотил» деб атаганди.
Шундай бўлса-да, улар икки етакчи президент сифатида бу ҳафта биринчи марта учрашишмоқда. Россияда буни айримлар муваффақият сифатида баҳоламоқда.
Рамзий аҳамиятга эга
«Саммит рамзий маънода аҳамиятга эга. У Россияни АҚШ билан бир хил даражага олиб чиқади ва бу Путин учун аҳамиятсиз эмас», дейди Москванинг RIAC таҳлил маркази раҳбари Андрей Кортунов.
Вақт нуқтайи назаридан эса ушбу учрашув Байден иш бошлаганидан кейин унинг илк хорижий сафари пайтида бўлиб ўтаётгани ва бу икки томонлама учрашув экани билан ҳам муҳимдир.
НАТО саммитидаги тиғиз кун тартибига қарамай, Европа сафарининг сўнгги бекатида Байденнинг чоршанба куни Путин билан учрашиши дунё афкор оммасининг алоҳида эътиборини тортмоқда.
«Путиннинг мақсади АҚШ президенти билан мутлақ тенг позицияда бўлишдир. У ўзи белгилаган заминда ҳурмат кўришни ва куч намойиш этишни истайди», дейди россиялик сиёсий шарҳловчи Лилия Шевцова.

Учрашув жойи сифатида Женеванинг танланиши совуқ уруш даври шароитида, 1985 йил ўша пайтдаги АҚШ президенти Рональд Рейган ва совет иттифоқи раҳбари Михаил Горбачёв ўртасидаги учрашувни ёдга солмоқда.
Аммо бу ҳафтадаги учрашувнинг ўша тарихий учрашувга ўхшаш шахсий муносабатлар ўрнатилиши ёки сиёсий юмшатишга олиб келиш эҳтимоли жуда кам.















