Бу гапга қўшилмаслик қийин. Ростан ҳам араб ўлкаларида футболга нисбатан қарашлар сал бошқача. Шунинг учун ҳам ёшликда жуда истеъдодли саналган араб юлдузларни якунда Европанинг кучли жамоаларида кўрмаймиз. Улар учун футбол кичик бир завқ, шу холос.
Энди бунга ҳозирги ҳолатни, яъни Саудия Арабистони кейинги босқич масаласини аллақачон ҳал қилгани, ҳатто мағлубиятга учраса ҳам, ҳеч нарса йўқотмасликлари, умуман дуранг ҳисоби уларни ҳам, бизни ҳам бутунлай қониқтирганини қўшинг. Майдонга шунчаки, футбол ўйнаш учун чиққан, мотивациясиз араб жамоасига айланади саудияликлар, тўғрими?
Бу вазиятда ақлли мураббий, умуман, ақлсиз бўлса-да, мураббий нима қилади?
Тўппа-тўғри, имкон қадар рақибга ўйин бермаслик йўлини қидиради. Бироз босим, бироз шиддат, бироз қўполлик, бироз кўпроқ югуриб, арабларнинг тўпни қабул қилиши, тўп узатиши, умуман тўпни назорат қилишини қийинлаштирасиз, тамом. Футболни ўйин эмас, курашга айлантирасиз. Беш дақиқа, ўн беш дақида, ярим соатда Саудия Арабистони футбол ўйнагиси келмай қолади, ўз-ўзидан ўйин темпи тушади. Айни муддао. Буни ўйлаб топиш учун Абрамов ўта кучли мураббий бўлиши шарт эмас, шунчаки, ўзининг эски конспектларини ўқиб кўрса, кифоя эди.
Биз нима қилдик? Билмадим, Абрамов бир неча кун олдиндан сўнгги турда фақат ғалаба учун тушишини тахмин қилиб, бир қанча сюрпризлар тайёрлаган ва сўнг, бундан воз кеча олмадими, ишқилиб, биз Саудия Арабистони йирик ҳисобда ғалаба қозониши учун энг зўр шароитни тақдим этиб бердик. Биз уларга маза қилиб футбол ўйнаш учун ажойиб шароит тақдим этиб бердик. Марказий ҳимояда бутунлай янги тандем, Вигиз Галиулиннинг асосий таркибда пайдо бўлиши, Машариповнинг позицияси билан эксперимент. Нима учун? Ахир Саудия Арабистони бизни ютиш учун бир неча кундан бери тайёрланиб чиқмаганки, уларни кутилмаган юришлар билан ҳайрон қолдирсак? Бу ўзгаришлар кўпроқ ўз футболчиларимизни чалғитиб, салгина пайдо бўлган боғламларни ҳам йўққа чиқариб юбормадими?
Аҳмедовнинг ҳимояга «қайтгани» энди алоҳида масала. У ўн йил олдин Қатарда шундай позицияда тўп сурган, кейинчалик айнан Саудия Арабистони билан Тошкентдаги ўйинда Абрамов шу фикрга яна бир қайтиб кўрганди. Самарасиз.
Биласизми, ўн йил олдин бу юриш қайсидир маънода, айниқса, савия жиҳатидан пастроқ жамоаларга қарши иш берган. Асосийси, бу қарор футболнинг ўша пайтлардаги замонавий тенденцияларига ҳам мос келганди. Маълумки, аср бошларига қадар, футболда нафақат марказий ҳимоя, балки таянч зонаси ҳам бузғунчилик билан шуғулланар, «билд-ап», яъни ҳужумни бошлаш олдинги чизиқнинг вазифаси эди. Мураббийлар тўпни майдон марказига қандай етказиб бориш ҳақида кўп бош қотиришмас, асосий масала ундан кейин бошланарди. Тўпни марказга етказиш кўпинча, узун паслар, кураш зоналарига тўп узатиш билан таваккал қилинарди.















