Мурожаатлар ортидан Андижон вилоятининг Пахтаобод туманига бориб, “Мустақиллик” ҳамда “Наврўз” маҳаллаларидаги муаммоларни ўргандик.
Мустақиллик маҳалласи вилоятдаги энг катта маҳаллалардан бўлиб, унда 6,5 минг аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда узоқ йиллардан бери ҳал бўлмай ётган муаммолар йиғилиб қолган. Мактаб, гузар, боғча йўқ. Энг ачинарлиси, маҳалла ўз қабристонига ҳам эга эмас.
Аҳолининг бу муаммолар юзасидан вилоят ҳокимлигидан тортиб турли ташкилотларга йўллаётган мурожаатлари ечимсиз қолмоқда.



“Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини 1989 йили ташкил топган. Мазкур ҳудудга туманнинг турли маҳаллаларидан ёш оилалар кўчиб чиққан. Бугунги кунга келиб 6200 дан ошиқ аҳоли яшайди. Кўплаб хонадонларда 12-14 нафаргача одам яшайди.
Мактаб, давлат боғчасининг йўқлиги – кўп йиллик муаммолардан. Бу ҳақда 2007 йилдан бери мурожаат қилиб келамиз.
Маҳалланинг асосий муаммосидан бири бу – қабристон. Бу масала 2003 йилдан бери кўтарилади. Ҳатто вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновгача мурожаат қилдик. Фойдаси бўлмади.

Имкони борлар болаларини марказдаги боғчага олиб боради. Маҳаллада ҳозир 4 та уй боғчаси бор. Лекин 6,5 минг аҳоли учун бу жуда оз”, – дейди Феруза Бойназарова.
Маҳалланинг ёши улуғлари Ҳакимжон ота Иминов ва Муяссар Аҳмедовалар Мустақиллик қишлоғининг энг катта муаммолари мактаб, боғча ва қабристон экани ҳақида гапиришди.


“Қабристон керак” деб ҳокимиятга 12-13 марта бордим. Улар “маҳалла ичига мумкин эмас, аҳолидан 300 метр узоқликда бўлиши керак”, деб жавоб беришди. Қаердан бўлса ҳам беришмайдими? Кимдир вафот этса, атрофга қабристон излаб кетяпмиз. Жой топилгунича ўлик ётади”, – дейди Ҳакимжон ота Иминов.

























