Ўзбекистон | 16:50 / 24.06.2021
85027
2 дақиқада ўқилади

«23 июн куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбийлари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Ўзбекистонга ўтган» - ТИВ расмий баёноти

Ўзбекистон Афғонистондаги, жумладан, чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда қўшни мамлакатда зўравонликнинг ортиши чуқур хавотир уйғотмоқда. Коронавирус пандемияси янги тўлқини шароитида кескинликнинг кучайиши афғон халқи ҳаётини янада мураккаблаштирмоқда.

“Ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар келиб чиқишига йўл қўймасликка чақирамиз.

2021 йилнинг 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтди.

Зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилди”, дейилади баёнотда.

Билдирилишича, Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилади, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилади.

“Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини асраш, бетарафликни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади.

Ўзбекистон ҳукумати биродар афғон халқини ҳар томонлама иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, жумладан, мамлакатда мустаҳкам ва кенг қамровли тинчлик ўрнатилишига хизмат қиладиган йирик энергетика ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали кўмак беришда давом этади”, дея якунланган баёнот.

Мавзуга оид