Жиззах вилояти Зарбдор тумани Янгикент маҳалласида истиқомат қилаётган аҳоли ичимлик сувини бир неча йилдан бери сотиб олаётгани, ҳудудга тоза ичимлик суви тортиб келиш масаласи вилоят миқёсида кўтарилган бўлса-да, натижа бўлмаётганини маълум қилишди.

Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Зарбдор туманига борди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Янгикентда истиқомат қилаётганларнинг аксарияти ўтган асрнинг 60-йилларида бошқа вилоятлардан кўчиб келиб, яшаб қолган аҳоли. Айниқса, водий вилоятларидан келганлар кўпчиликни ташкил қилади.

Бу жиҳатга эътибор бераётганимизнинг сабаби, нафақат Жиззах вилоятининг чўл ҳудудлари, балки Сирдарё вилоятининг ҳам аксарият туманларида яшаётганлар бу ерларга иш манбайи ва қулайлик истаб келишган. Бир пайтлар шундай бўлган ҳам. Шаҳарчалар, посёлкалар қуриб берилган. Хусусан, Янгикент маҳалласида ҳам бир вақтлар яшаш учун шароит бўлган-у, бора-бора вақт тўхтаб қолгандек таассурот уйғотади. Жамиятга янгича қараш учун имкон бермайдиган манзара кўз олдингизда гавдаланади.

Ҳарқалай, бу дастлабки хулоса. Янаям, ҳақиқий манзарани одамларнинг ўзидан эшитган маъқул.

Ҳадича Мамараҳимова ушбу маҳаллага кўчиб келганига 23 йил бўлган. У аҳоли ҳақиқатан ҳам ичимлик суви муаммосидан азият чекаётганини айтди. Бу ҳақда масъулларга ҳар доим хабар бериб келинган. Хусусан, жорий йилнинг январида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ўтказган сайёр қабулда ҳам янгикентликларни ичимлик суви билан таъминлаш масаласи кўтарилган ва бу бўйича ҳоким фуқаролар олдида масъулларга топшириқ берган.

Ҳайдарқул Ҳусаинов ҳам маҳаллани ичимлик суви билан таъминлаш масаласини бевосита вилоят ҳокимига маълум қилганини билдирди. «Жиззах сув таъминоти» МЧЖ бошлиғи Зокир Мамарасулов аҳолига ҳоким олдида ваъда берган. У ҳудудга тоза ичимлик суви олиб келиш баробарида маҳалладаги «водозабор»ни ҳам таъмирлаб беришни зиммасига олган. Шу гаплар айтилганига ҳам беш ойдан ошяптики, янгикентликлар янгиликка илҳақ бўлиб турибди.