Foreign Affairs нашри АҚШ қуролли кучлари Афғонистондан чиқиб кетишининг таъсири ва бу қанчалик тўғри қарор бўлиши ҳақида халқаро экспертларнинг фикрларини ўрганди. Сўровномада ушбу масалада тегишли ихтисослашган тажрибага эга ўнлаб ваколатхоналар экспертларининг фикрлари келтирилган. Иштирокчилардан бу қарорга рози ёки қўшилмаслигини билдириш ва ҳолатни баҳолаш сўралган.

Эндрю Уоткинс, International Crisis Group бош таҳлилчиси

Афғонистондаги АҚШ/НАТО кучлари тарк этганидан кейин вужудга келадиган вакуум салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, зўравонликнинг кучайиши сабаб тинч аҳоли вакилларининг жабрланиши, «Толибон»нинг кучайиши ва трансмиллий радикал гуруҳлар фаолият юритиши мумкин бўлган кенг майдон.

Аммо потенциал салбий натижаларга эътибор қаратиш АҚШнинг Афғонистондаги иштироки натижасида юзага келган кўплаб бошқа аниқ негатив таъсирларни кўпинча эътиборсиз қолдиради ёки четга сурмоқда. Тан олиш керак, АҚШнинг 20 йиллик фаолияти Афғонистон ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва ривожланишига ёрдам берди. Шунга қарамай, АҚШнинг мавжудлиги самарали бошқарув, соғлом сиёсий муҳит ва барқарор хавфсизлик муҳитини таъминлай олмади.

Афғонистон уруши айнан АҚШ кучлари чиқиб кетгани билан тугамайди, аммо улар мамлакатда экан, бу ҳолат ҳеч қачон тугамас эди.

Ечим аниқ: Қўшма Штатлар Афғонистондаги фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаши ва тинчлик бўйича минтақавий консенсусни қабул қилиши керак.

Анне-Мари Слафтер, Янги Америка Маркази бош директори

АҚШ қўшинлари чиқиб кетиши Афғонистон жамияти, афғон аёллари ва иқтисодиёти учун аянчли натижа бўлиши мумкин. Аммо президент Жо Байден 20 йиллик фаолиятдан кейин жиддий стратегик ўзгаришларни амалга оширишга журъат этди. Қўшма Штатлар «Ал-Қоида» базаларини йўқ қилиш бўйича ўзининг дастлабки вазифасини бажарди. Аммо унинг маъмурияти афғон жамиятини қайта тиклашга қаратилган катта вазифаларни бажара олиши қийин.

Кристин Фейр, Жоржтаун университетининг хавфсизлигини ўрганиш дастури профессори

Америка Қўшма Штатлари раҳбарияти тарихдан тегишли сабоқларни ололмаслигини исботламоқда. Ушбу 20 йиллик уруш пайтида АҚШ ҳеч қачон Покистоннинг «Толибон»ни доимий қўллаб-қувватлашини тўхтатиш учун тегишли мажбурий стратегиялар ишлаб чиқмаган. Афғонистонда бизнинг аскарларимиз, тинч аҳоли ва иттифоқчиларимиз ўлдирилди. Бу ерда биз ўз манфаатлари АҚШ манфаатларига зид бўлган «шерик» билан урушга бордик. Ўтказилган музокаралар натижасида АҚШ ҳукумати бизни толиблар Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қодир бўлган мустақил актёрлар эканлигига ишонишимизни истамоқда. Бу фантастика. Афғонистон «Толибон»и тинчлик истамайди.