Халқ таълими вазирлиги томонидан «Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган эди.

Ушбу қарор лойиҳасида 2021 йил 1 январдан бошлаб, халқ таълими муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги 3 йилдан иборат, ўқитувчилар учун даврийлиги 5 йилдан иборат мажбурий касбий лицензиялаш тартиби босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилган.

Бугун, 3 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими мутасаддилари иштирокида ўтган матбуот анжуманида Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Умаров ушбу янгилик бўйича тўлиқ изоҳ берди.

Хорижда ўқитувчи учун лицензия бериладими?

Мактабларда айни пайтда 461 минг нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Таҳлиллар асосида аниқ бўлдики, уларнинг салоҳияти  унчалик юқори эмас. Бу ҳолатда қандай қилиб кадрлар масаласини ижобий ҳал қилиш мумкин?

Етакчи давлатлар тажрибасига назар солсак, АҚШнинг ҳар бир штатида ўқитувчи бўлиш учун алоҳида имтиҳон топширилиши талаб этилишига гувоҳ бўламиз.

Бунда мактаб ўз талабларига жавоб берадиган, имтиҳондан муваффақиятли ўтган ўқитувчига дарс ўтиш ҳуқуқини берувчи сертификат тақдим қилади. Бундан ташқари, АҚШда ҳамма штатда дарс бериш ҳуқуқини берувчи сертификат ҳам берилиши мумкин.

Худди шундай тизим Япония, Жанубий Корея, БААда ҳам мавжуд.

Чет элдаги фаолиятим давомида турли давлатларда устозлик қилаётган ҳамюртларимизни кўп учратаман. Улар ҳам халқаро ўқитувчилик касбий лицензияси учун имтиҳон топширишган. Биз ҳам замонавий тарзда жаҳон стандарти асосида ишлаш учун ушбу тизимни жорий этишимиз зарур бўлади.

Нега «лицензия» сўзини нотўғри тушунишяпти?

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Айни пайтда кўпчилик санъат соҳасида бериладиган лицензия ёки бошқа турли таассуротлари туфайли халқ таълими тизимига жорий этиладиган лицензия ҳақида нотўғри фикрга боряпти.