17:29 / 01.07.2021
19078

Мактабга онлайн қабул. Қулайликми ёки машаққат?

Жорий йилнинг 15 июнидан 2021-2022 ўқув йили учун умумтаълим мактабларига 1-синфга онлайн қабул учун рўйхатдан ўтиш ва ариза топшириш жараёни бошланди.

Амалдаги тартибга кўра, ота-оналар 2021 йилнинг 15 июнидан 5 июлига қадар my.maktab.uz электрон платформаси орқали 1-синфга чиқадиган фарзандларига мактабларни танлашлари мумкин. Бунда 3 та мактаб танлаш имконияти берилади. Биринчиси, ота-она доимий истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактаб, яъни яшаш манзилига бириктирилган микроҳудуддаги мактаб. Иккинчи ва учинчи мактаблар ота-оналарнинг ихтиёрий танлови асосида фарзандларининг қатнаши учун қулай бўлган мактаблар ҳисобланади.

Агар ота-оналар микроҳудуддаги мактабни эмас, бошқа мактабларни танлаган бўлса, яъни электрон рўйхатдан ўтиш вақтида танлаган иккинчи ёки учинчи мактабларнинг бирида бўш ўринлар бўлган тақдирда 1-15 август кунлари ҳужжатларини топширишлари мумкин бўлади. 2021 йилнинг 6 июлидан 31 июлига қадар ота-оналар электрон платформа орқали танлаган биринчи мактабга, яъни бириктирилган микроҳудуддаги мактабга ҳужжатларини топширадилар, бунда ҳужжатларни топшириш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Ота-оналарнинг доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандларининг жойлашишлари кафолатланади.

1-синфга онлайн қабул тизимининг шакллантирилгани ота-оналарга қулайлик туғдиради, албатта. Лекин таҳририятга келган қатор мурожаатларга кўра, my.maktab.uz электрон платформасидан рўйхатдан ўтишда қийинчиликлар кузатиляпти. Андижонлик ота-оналардан бири шундай ёзади:

“Халқ таълими вазирлигининг қабул учун аризаларни my.maktab.uz электрон платформаси орқали топшириши мумкинлиги тўғрисидаги хабарини ўқигач, ортиқча югур-югурлар, қоғозбозликлардан қутулибмиз, вақтимиз ҳам тежаладиган бўлибди, деган фикрга келгандик. Йўқ, аксинча, илгари қўлланилган, яъни мактаб ёшидаги болаларни уйма-уй юриб рўйхатга олиш, мактабга ота-онанинг ўзи бориб ҳужжат топшириш анъанавий усули бизга қулайроқдек туюлмоқда.

Сабаби, my.maktab.uz платформаси камчиликларга эга бўлиб, бу шундоқ ҳам интернетдан унчалик хабардор бўлмаган фуқаролар учун қатор ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Андижон шаҳри мисолида кўрадиган бўлсак, биринчидан, аксарият кўчалар номлари хатолар билан киритилган.

Иккинчидан, айрим кўчалар номи икки мартадан киритилган.

Учинчидан, айрим кўчалар номи умуман киритилмаган. Масалан, Андижон шаҳри, Саноат маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Учтегирмон кўчаси номи платформага киритилмаган. Кўча номини ўзингиз киритолмайсиз. Бу муаммо бошқа ҳудудларда ҳам кузатилмоқда.

Тўртинчидан, мурожаатларни қабул қилувчи (71) 203-07-04 рақамли телефонга куннинг турли вақтларида қўнғироқ қилиб, уланишнинг имкони бўлмаяпти. Доимий равишда банд кўрсатмоқда, айримлар телефонга ҳеч ким жавоб бермаётганини айтишди.

Бешинчидан, Maktabga online qabul телеграм каналига мурожаат қилинганидан сўнг манзилни сўрашди ва бир эмас, икки марта манзилни ёзиб бердик. Бир ҳафта ичида икки марта "Халқ таълими вазирлигиданмиз” деб қўнғироқ қилган қиз манзилимни ёзиб олди ва кўчамизни базага киритишганидан сўнг яна боғланишини айтди.

Телеграм каналдаги масъул эса Андижон шаҳар халқ таълими бўлимига қўнғироқ қилишимиз мумкинлигини айтди. Шаҳар халқ таълими бўлимига қўнғироқ қилишимиз керак бўлса, онлайн қабул платформаси нима учун керак?

 

Саволлар кўп. Халқ таълими вазирлигидан ушбу муаммони ўз вақтида ҳал қилишларини сўраймиз.

Top