Ўзбекистондаги интернат муассасаларида яшовчи болаларнинг улуши шу ёшдаги аҳолининг ҳар 100 минг кишисига 255 нафарни ташкил этади, бу – дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп. Дунёдаги ўртача кўрсаткич ҳар 100 минг кишига 120 нафар болани ташкил қилади.

Бу ҳақда бугун, 29 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган «Ҳар бир бола оилавий муҳитда тарбияланишини таъминлаш мақсадида ноинституционаллаштириш Миллий стратегиясини яратишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги халқаро конференцияда маълум қилинди.

Болалар омбудсмани матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон ноинституционаллаштириш сиёсатини ишлаб чиққан ва тегишли ҳаракатлар режасини қабул қилган; бироқ йирик интернат муассасалари сўнгги чора эмас, балки муқобил парваришнинг энг асосий кўриниши бўлиб қолмоқда. Институционлаштириш даражаси юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусованинг айтишича, институтлаштириш болаларнинг соғлиғи ва ривожланиши (руҳий ва жисмоний ривожланиши)га салбий таъсир кўрсатади. Бу салбий таъсир болалар муассасалари барча талабларга жавоб берган ва яхши молиялаштирилган тақдирда ҳам, кузатилиши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, институтлаштиришнинг яна бир салбий томони – тажовузлар хавфининг юқорилиги.

“Кўпгина тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Меҳрибонлик уйларида тарбияланган барча ёшдаги болалар жуда кўп тажовузларни бошдан кечиришади. Жумладан, улар жисмоний ва жинсий зўравонлик, ғамхўрликнинг йўқлиги, шунингдек, одам савдоси ёки эксплуатациянинг бошқа кўринишларидан азият чекиш хавфи остида бўлишади.

Болалар муассасаларида жамият кўзидан панада содир бўлаётган ҳолатлар устидан доимий назорат ва кузатув олиб бориш деярли имконсиз. Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчалари бино ҳамда ҳудудларининг видеокузатув камералари билан жиҳозланиши юзаки чоралар ҳисобланади.

Муаммони фақатгина васийликнинг оилавий шакллари ҳамда тутинган ота-оналарни қўллаб-қувватлаш хизматлари йўли билан ҳал этиш мумкин.

Институционализация битирувчиларга балоғатга етганидан кейин ҳам муаммоларни келтириб чиқаришда давом этади. Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг тўсатдан катта ҳаётга ўтиши қийин кечади. Уларнинг ижтимоий яккаланиб қолиши, уйсиз ва ишсиз бўлиб қолиши, жиноятчига айланиши, руҳий саломатлигининг бузилиши ва улар ҳаттоки, ўз жонига қасд қилишгача бориши мумкин.