12:13 / 07.07.2021
3100

Яйпаннинг мазали музқаймоқлари

Ўзбекистон тумани Дўстларобод қўрғонидаги корхоналардан бирида музқаймоқ ишлаб чиқарилади. Мазкур Ўзбекистон-Болгария қўшма корхонасида айни пайтда музқаймоқдан ташқари сут маҳсулотлари ҳам тайёрланиб, кунгабоқар пистаси ҳам қадоқланади. 

Тадбиркор Азизхон Алижонов бошчилигидаги  корхонада айни пайтда 30 нафардан ортиқ ходим фаолият кўрсатмоқда экан. Эътиборлиси, корхонада 20 хил музқаймоқлар тайёрланиб, Фарғона вилояти ҳудудлари бўйича истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. 16 хилдан ортиқ сут маҳсулотлари, 5 хил қадоқланган кунгабоқар пистаси ҳам халқ дастурхонига тортиқ қилинмоқда.

Корхонанинг савдо бўлими ходими Санжарбек Абдураҳмоновнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, корхона 2016 йилда ташкил топган бўлиб, бу ерда Австрия технологияси асосида музқаймоқлар ишлаб чиқарилади. Музқаймоқнинг кунлик ишлаб чиқариш имконияти 8 тоннани ташкил қилиб, ҳозирда корхонада 3 тонна музқаймоқ маҳсулотлари тайёр ҳолга келтирилмоқда.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган сут маҳсулотлари эса водий туманлари бўйлаб етказиб берилади.

Top