Республиканинг турли ҳудудларида хорижий авторақамлар билан юрган автомобиллар учрайди. Уларнинг мамлакатга кириш-чиқиш тартиби қандай? Давлат божхона қўмитаси масъул ходими Маъруфжон Бўронов ушбу савол бўйича тартиб-таомилларга ойдинлик киритади.
– Ҳозирги кунда хорижий мамлакат фуқаролари автотранспорт воситалари билан Ўзбекистонга эмин-эркин, ҳеч қандай тўсиқларсиз, тўловларсиз бемалол кириб келиши ва ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатланиши, яъни зиёрат, тўй-маърака, дўст-қариндошиникига бориши ҳамда қайтиб кетиши мумкин. Хорижий автотранспорт воситаларининг Ўзбекистонда бўлиш тартиби Божхона кодексида белгилаб қўйилган. Унга мувофиқ, республикада бўлиш муддати чекланмаган, фақатгина бепул ҳаракатланиш муддати чегараланган. Яъни, бир йил ичида 90 кун тўловсиз юра олишади. Бундан ошса Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги қарорига биноан маълум миқдорда тўлов қилишлари керак бўлади.
Бир йилда 90 кун узлуксизми ёхуд йил давомидаги кунлар ҳисобида 90 кун бўлиши лозимми?
– 90 кун муддат узлуксиз бўлиши шарт эмас, бир йил давомида бир неча марта кириб-чиқиши мумкин. Ўзбекистонда бўлиш муддатининг жами муддати бир йилда 90 кунгачани ташкил этса, ҳеч қандай тўлов амалга оширилмайди. Шу билан бирга, автотранспорт эгалари нотижорий мақсадда ўз эҳтиёжлари сабаб кирган бўлиши керак.
Амалдаги тартиб бўйича чет эл фуқароси автотранспортда Ўзбекистонга кириб келаётганда 90 кунга мажбуриятнома расмийлаштирилади. Шу 90 кундан ошган ҳар бир кун учун белгиланган йиғимларни тўлаб, мамлакатдан чиқиб кета олади. Божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими билан бошқа нодавлат процессинг хизматлари интеграция қилиниши натижасида мажбуриятнома муддати, тўловларни амалга ошириш, божхонага ариза бериш каби хизматлар барчаси рақамлаштирилган.
Чет эл фуқароси божхона органига учрамасдан туриб мажбуриятнома муддатини ўзи истаган муддатга узайтириши ва исталганча тўловларни амалга ошириши мумкин. Шунингдек, янги қонунга кўра, агар эътиборсизлик натижасида муддатини узайтирмаган бўлса, чиқиб кетаётганда божхона постида ихтиёран тўловларни бажарса, унга нисбатан маъмурий жазо қўлланилмайди.

90 кундан ошган ҳар бир кун учун тўлов миқдори қанча?
















