Volkswagen Group кузатув кенгаши бир неча ҳафта давом этган музокаралардан сўнг концерн бошқаруви тайёрлаган «Келажак режаси — 2030» (Zukunftsplan 2030) реструктуризация дастурини бир овоздан маъқуллади.

Компания маълумотига кўра, мазкур дастур Германия автомобил гиганти тарихидаги энг кенг кўламли қайта ташкил этиш жараёни бўлади.

Режага мувофиқ, Volkswagen келгусида йилига қарийб 9 млн автомобил сотиш ва йиллик операцион фойдани 31 млрд еврогача оширишни мақсад қилган.

Шу билан бирга, концерн ривожланишдан воз кечмоқчи эмас. 2027–2031 йиллар давомида инвестициялар, тадқиқотлар ва янги технологияларни ишлаб чиқиш учун жами 135 млрд евро йўналтириш кўзда тутилган.

Моделлар сони икки баробар қисқаради

Реструктуризациянинг энг муҳим йўналишларидан бири Volkswagen бренди остида ишлаб чиқариладиган автомобиллар турини кескин камайтириш бўлади.

2035 йилга бориб Volkswagen моделлари қатори тахминан 50 фоизга қисқартирилади. Автомобилларнинг турли комплектациялари сони эса 75 фоизга камайтирилиши режалаштирилган.

Концерн раҳбариятининг ҳисоб-китобига кўра, моделлар сони камайтирилса, ҳар бир қолган моделни каттароқ ҳажмда ишлаб чиқариш имкони пайдо бўлади. Бу бир хиллаштирилган деталлардан кўпроқ фойдаланиш ва ишлаб чиқариш харажатларини пасайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Қайси автомобиллар ишлаб чиқаришдан олиб ташланиши ҳозирча маълум қилинмаган. Қоладиган моделлар эса Ғарб ва Шарқ бозорларининг талабларига мослаштирилган дизайн ва технологиялар билан харидорларни жалб қилиши режалаштирилган.

Қарийб 50 минг иш ўрни қисқаради

Volkswagen Group раҳбарияти Европадаги ишлаб чиқариш қувватлари ҳозирги эҳтиёждан ортиқ эканини қайд этган.

Шу муносабат билан концернда «кадрлар салоҳиятини мослаштириш» жараёни ўтказилади. Унинг доирасида бошқарув лавозимларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, қарийб 50 минг иш ўрни қисқартирилиши режалаштирилган.

Бироқ компания ҳужжатида қисқартиришлар фақат Германиядаги корхоналарга тегишлими ёки Volkswagenʼнинг бошқа мамлакатлардаги бўлинмаларини ҳам қамраб оладими — аниқлаштирилмаган.

Тўртта заводнинг келажаги ноаниқ