Якшанба куни биз Европанинг янги чемпионини билиб оламиз, ундан кейин эса – индивидуал совринлар эгалари ва турнир рамзий терма жамоаси билан танишамиз.
Катта эҳтимол билан, Евро-2020нинг энг яхшилари финалчилар орасидан танланади, аввалги йилларда барқарор шундай бўлиб келган. Шу туфайли қуйидаги рўйхатда турнир қаҳрамонларидан бири, данияликлар сардори Кьер ҳам, унинг жамоадошлари, турнирнинг энг яхши таянч яримҳимоячиси бўлган Ҳейберг ҳам, барча ўйинларда ҳаддан ташқари зўр футбол ўйнаган Педри ҳам, чоракфиналдаёқ турнирни тарк этган Де Брюйне ва бошқа муносиб номзодлар ҳам йўқ.
1. Раҳим Стерлинг (Англия)
Турнирнинг энг яхши футболчиси бўлиш имконияти Раҳим Стерлингда. Бутун дунёдаги футбол букмекерлари ҳам шундай фикрда ва унинг коэффициентлари бошқа номзодларникига қараганда пастроқ – бу мутлақо мантиқий.
Стерлинг барча ўйинларни юқори даражада ўтказди – гуруҳ босқичида у инглизларнинг барча голларига - яъни икки голга муаллифлик қилди, плей-оффда Германия дарвозасига урилган ғалаба голи муаллифи бўлди, Украинага қарши нисбатан енгил кечган ўйинда голли узатма берди. Данияга қарши яримфинал баҳсида эса Раҳим расман голли ҳаракатлар амалга оширмади, аммо амалда икки гол ҳам у туфайли рўй берди: биринчи голда дарвоза чизиғи олдида Саканинг узатмасига очилиб, Кьернинг автоголига сабабчи бўлди, қўшимча бўлимларда эса Кейн учун пенальти ишлади.
Ҳар бир ўйинда Стерлинг улкан ҳажмдаги ишларни бажариб келди, унинг майдонда бўлиши Англияга ҳатто прагматик услубда ҳам хавфли бўлиш имконини берди. Ушбу форвард ўртача 90 дақиқада — 2,3 зарба (50 фоизи дарвоза соҳасига) ва 0,46 xG кўрсаткичига эришди; шунингдек, жарима майдони ичига ўртача 1,81 узатма ва 0,1 xA; 7,23 марта алдаб ўтиш (52,27 фоиз) ва 4,11 progressive run; жарима майдони ичида ўртача 4,6 марта тўпга тегиниш. Қолаверса, Стерлинг жуда кўп марталаб тезлик олиб очиқ зоналарда очилди ва ҳужумлардаги вариантларни оширди. Данияга қарши ўйинда Раҳим шунчаки феноменал рақамлар қайд этди, бу ўйиндан кейин индивидуал соврин учун пойгада унинг имконияти янада ошиб кетди.
2. Ҳарри Кейн (Англия)
Англия терма жамоаси сардори гуруҳ босқичини камтарона ўтказди, аммо бу унинг айби эмас, жамоа натижани биринчи ўринга қўйган ҳолда куч тежаш мақсадида шундай ўйин услубини танлади, гуруҳ ўйинларида ушбу марказий ҳужумчининг кучли томонларидан шунчаки фойдаланмай туришди. Тўпни асосан майдон марказида олиб юриш ва катта таваккалчилик қилмасдан олдинга чиқиш туфайли дастлабки икки турда Хорватия ва Шотландияга қарши ўйинларда Кейн дарвоза томон атиги бир бор зарба беришига сабаб бўлди.








