Ўзбекистон | 13:53 / 15.07.2021
23003
2 дақиқада ўқилади

«Самарқандликлар қурилишлардан безиб кетган» — архитектор Тахмина Турдиалиева

Kun.uz аниқ режасиз ривожланаётган шаҳарлар, йўллар, жамоат транспорти, қурилишлар ва ижтимоий тенгсизлик каби мавзуларда архитектор Таxмина Турдиалиева ва «Яшил қурилиш» соҳаси мутахассиси, халқаро эксперт Темурбек Аҳмедов билан интервью уюштирди.

Унда Таxмина Турдиалиева Самарқанддаги қурилишлар ва бунга вилоят аҳолисининг муносабати ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Трамвай қурилиши бўйича ҳам танқидий фикрлар бор. Адашмасам, одамларда трамвай юрганда ундан чиқадиган тебраниш кучи тарихий биноларга салбий таъсир кўрсатади, деган хавотир бор.

Иккинчидан, қурилишлар жараёни. Бу жараёнлар вилоятда жуда оғир кечяпти. Ҳозир трамвайни ер остидан ўтадиган қилишмоқчи. Бунинг учун тунеллар ҳам қазиб қўйишган. Шу жараёнлар одамларга ёқмаяпти.

Қурилиш бўлаверади, бўлаверади. Йўллар эса қайта-қайта қурилаверади. Одамлар қурилишлардан безиб кетган. Одамларнинг мақсади дам олиш ва шаҳрини чиройли кўриш.

Тўғри, ўтган асрларда ҳам Самарқандда трамвай бўлган. Ўша пайтда трамвайнинг тебраниш кучи тарихий биноларга таъсир кўрсатган ёки кўрсатмаганини архитектор олимлар ўрганган бўлиши керак. Шунга қарамай қурилишларга рухсат берилдими, демак мумкин экан. Умуман олганда ҳозир трамвай йўли ҳимоя қилинадиган ҳудудга кирмайдиган қилиб қуриляпти. Зарар етказишмайди деган умиддаман», – деди архитектор.

Маълумот учун, Тахмина Турдиалиева 2020 йилда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг қурилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган ва бир муддат шу лавозимда фаолият юритган.

Мавзуга оид