Муносабатда ёзилишича, видеодаги ҳолатда туман тез тиббий ёрдам бўлими навбатчи шифокори Қ.Жўраев ва тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси тасвирланган. Шифокор иш вақтида ошхонада ҳайдовчи билан узоқ вақт овқатланиб ўтирган ва у овқатланаётган стол устида пиво идишлари турган бўлган.
Қайд этилишича, мазкур вазият ўрганилиб, туман тиббиёт бирлашмаси жамоасининг умумий йиғилишида муҳокама этилган. Ўрганиш жараёнида видео тасвирга олинган 2021 йил 8 июль куни шифокор Қ. Жўраев бўлимда навбатчи бўлгани қайд этилган. Аммо унинг хизмат пайтида ошхонада спиртли ичимлик истеъмол қилганига аниқлик киритишнинг имкони бўлмаган.
Шифокорнинг ўзи пиво идиши ундан аввал шу столда овқатланган мижозга тегишли бўлганини айтган. Қ.Жўраевга навбатчилик пайтида овқатланиш шохобчасида узоқ вақт қолиб кетгани сабабли Меҳнат кодексининг тегишли моддасига асосан ҳайфсан интизомий жазоси берилган. Бўлимда тиббий хизмат устидан назоратни кучайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган.











