17 июл куни Республика махсус комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Махсус комиссия қарорига кўра:

  • 2021 йил 1 сентябргача 18 ёшдан катта бўлган қуйидаги тоифа ёки гуруҳдаги аҳоли қатлами коронавирус инфекциясига қарши 1-доза вакциналари;
  • 1 октябргача 2-доза вакциналари;
  • 1 ноябргача 3-доза вакциналари билан оммавий эмланиши (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ҳоллар бундан мустасно) шартлиги белгиланди.

Улар қуйидагилар:

— аҳоли билан мулоқотга кирувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектларининг (давлат хизматлари марказлари, почта бўлинмалари, банклар, лизинг ташкилотлари, нотариуслар, суғурта компаниялари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ва бошқаларнинг) ходимлари;

— барча турдаги савдо объектларининг (озиқ-овқат, хўжалик моллари, кийим-кечак дўконларининг, дорихоналарнинг ва бошқаларнинг) ходимлари;

— спорт мактабларининг ҳамда спорт иншоотларининг ходимлари;

— маданий ҳамда кўнгилочар объектларнинг ва дам олиш масканларининг ходимлари;

— меҳмонхоналарнинг, уй меҳмонхоналарининг, хостелларнинг, отелларнинг, ётоқхоналарнинг ва кемпингларнинг ишчи-ходимлари;

— йўловчи ташиш билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ходимлари;

— давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг ходимлари;

— ҳарбий хизматчилар;

— умумий овқатланиш корхоналарининг, хусусан, жамоат жойларида жойлашган тезкор овқатланиш шохобчаларининг, чойхоналар, тўйхоналар, кафелар ва ресторанларнинг ходимлари, шу жумладан, маҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланувчилар;

— барча турдаги давлат ва нодавлат тиббиёт ва тиббий-ижтимоий объектларнинг ходимлари;

— коммунал хизмат соҳаси ходимлари;

— алоқа ва телекоммуникация объектларининг ходимлари;

— давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ходимлари;

— ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ходимлари.