Ўзбекистон | 16:01 / 19.07.2021
15679
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар тарқатганликда гумонланмоқда

Блогер Фозилхўжа Орифхўжаев жамоат тартибини бузганликда айбланиб 15 суткага қамалган эди. Текширув давомида унинг ижтимоий тармоқ саҳифасидаги айрим материаллар “диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар” деб топилган ва унинг устидан жиноий иш очилган.

26 июнь куни Олмазор туманидаги “Тўхтабой” масжидида Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Мухтор Али ва блогер Фозилхўжа Орифхўжаев ўртасида низо келиб чиққан.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Ф.Орифхўжаев масжидда маъруза қилаётган Аброр Мухтор Алига қарши фикрлар билдиргани, масжид жамоати унга қаршилик қилгани, Аброр Мухтор Али эса уни гапиришга қўйиб беришларини сўрагани акс этган.

Шундан сўнг фуқаролардан келиб тушган хабар асосида Олмазор тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилган ва тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилган.

Kun.uz'га маълум бўлишича, ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Олмазор суди Фозилхўжа Орифхўжаевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (“Майда безорилик”) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати Kun.uz'га тақдим қилган маълумотга кўра, фуқаро Фозилхўжа Орифхўжаев “Тўхтабой” масжидида бўла туриб, Аброр Мухтор Алини “мунофиқсан” деб ҳақорат қилган ва баланд овозда бақир-чақир қилиб, жамоат тартибини ҳамда шу ерда бўлган фуқароларнинг осойишталигини бузиб, майда безорилик содир қилган. У суд мажлисида айбига иқрорлигини билдирган.

Пойтахт ИИББ ахборот хизматининг маълум қилишича, текширув жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Фозилхўжанинг телефонида шубҳали диний мазмундаги материаллар мавжудлиги ва уларни бошқа фуқароларга намойиш этгани ҳақида хабар келиб тушган. Материалларнинг хусусиятига аниқлик киритиш учун унинг телефони процессуал тартибда расмийлаштириб олинган ва диншунослик экспертизаси тайинланган.

“Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига кўра, Фозилхўжа Орифхўжаевнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги “Фозилхўжа Арифходжаев” номли профилига жойлаштирилган айрим материаллар диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар сирасига киришлиги аниқланган. Уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади”, – дейилади ИИББ ахборотида.

Ҳозирда ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Фозилхўжа Орифхўжаевга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди (“Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Мавзуга оид