АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Дэниел Розенблюм 16 май куни Тошкентда ўтган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумида Ўзбекистондаги диний эркинлик ҳолати ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар бермоқда.
Розенблюм форум очилишидаги нутқида Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш бўйича ижобий ўзгаришлар билан бирга, айрим муаммолар ҳам борлигини айтган.
“Албатта, АҚШда ҳам динлараро муносабатларни тартибга солишда камчиликлар бор. Аммо ҳозир Ўзбекистондаги вазият бўйича тўхталиб ўтмоқчиман. Мамлакатда сўнгги 5 йилда диний соҳада кўп ислоҳотлар қилинди. Уларни эътироф этиш керак. Мисол учун, республиканинг махсус диний чекловлар мавжуд давлатлар халқаро рўйхатидан олиб ташлангани катта натижалардан бири. Кўплаб диний ва сиёсий маҳбуслар озод қилингани, кичик диний гуруҳларга рейдлар олиб бориш тўхтатилгани яхши кўрсаткич. АҚШ бу ишларни қўллаб-қувватлайди.
Бироқ Ўзбекистонда эски даврларни акс эттирувчи муаммолар ҳам борлиги одамни ташвишга солади. Масалан, фуқароларни экстремистик материаллар сақлагани учун қамаш масаласи. Яқинда блогер Фозилхўжа Орифхўжаев шундай айблов билан 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Инсонларда ўз динларига эркин риоя қилиш имконияти бўлиши керак.
Яна бир муаммо – диний ташкилотни рўйхатга олишда тўсиқлар мавжудлиги ва жараён ўта мураккаблиги. Бу халқаро қонунларга зид келади.
Шунингдек, полиция томонидан соқол қўйганлар соқолини мажбурлаб олиб ташланиши муаммоси. Бу борадаги ҳаракатлардан Америка хурсанд эмас. Мен сўзларимни дўст сифатида айтяпман. Тўғри, мамлакатда 2016 йилдан бери кўп ислоҳотлар қилинди. Лекин баъзи нарсалар орқага кетаётгандек туюлмоқда. Биз янада инклюзив жамият сари интилишимиз керак”, – деган АҚШ элчиси.
Эслатиб ўтамиз, май ойи бошида Тошкентда ўнлаб эркаклар ИИБ биносига олиб келиниб, уларнинг соқоли олинди. Ички ишлар вазирлиги Kun.uz саволига жавобан буни “жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида ўтказиладиган тезкор-профилактик тадбирлар” деб атади ва уларни “диний эътиқод билан боғлаш мутлақо нотўғри” эканини уқтирди. Вазирлик, шунингдек, фуқаро ҳуқуқи поймол этилган деб ҳисобласа, тегишли жойга шикоят қилиши мумкинлигини билдирди.











