Ўзбекистон | 18:24 / 19.05.2022
36665
3 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқ фаоли қамоқхонада Отабек Сатторий ва Фозилхўжа Орифхўжаев билан учрашганини маълум қилди

6,5 ва 7,5 йилга қамалган блогерлар Отабек Сатторий ва Фозилхўжа Орифхўжаев Навоий вилоятидаги колонияларда жазо ўтамоқда. Улар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси ўринбосари Бекзод Нурматов билан учрашувда ўзларини ноҳақ қамалган деб ҳисоблашларини айтган.

Отабек Сатторий ва Бекзод Нурматов / Фото: “Эзгулик” жамияти

Бекзод Нурматовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошидаги Миллий превентив механизмлар бўйича ишчи гуруҳи Навоий вилоятида жазони ижро этиш муассасаларидаги шароитлар билан танишган.

Ишчи гуруҳ таркибида Омбудсман вакиллари, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ҳамда “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси вакиллари бўлган.

“Навоий шаҳридаги 4-сонли умумий тартибли колония 1800 нафар маҳкум учун мўлжалланган бўлиб, бу ерда блогер Отабек Сатторий жазо муддатини ўтамоқда. У қурилиш молларига нақш босувчи цехда оператор бўлиб ишлаётган экан. У биз билан учрашувда ўзининг ноҳақ қамалгани, судларнинг адолатсизлигини айтиб ўтди, оилада ёлғиз боқувчи эканини, озодликка чиқиш учун курашаётгани ва фақат президент Мирзиёевга ишонишини таъкидлади.

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида жойлашган колонияда блогер Фозилхўжа Орифхўжаев билан учрашдик. Фозилхўжа биз билан суҳбатда қамоқхона шароитидан шикояти йўқлиги, пластик цехида уста бўлиб ишлаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, суд ҳукмидан норози эканини билдирди. “Қамалмаслигим керак эди”, деб айтди у бизга”, дейди Бекзод Нурматов.

Фозилхўжа Орифхўжаев / Фото: “Эзгулик” жамияти

Зарафшондаги колонияда жазо ўтаётган 684 нафар маҳкумдан 27 нафари, Қизилтепадаги колонияда сақланаётган 1123 нафар маҳбусдан 62 нафари диний-экстремистик айбловлар билан қамалган. Қизилтепадаги қамоқхонада, шунингдек, Аҳмадбой номи билан танилган молиявий пирамида асосчиси, 2020 йилда 9 йилга ҳукм қилинган Аҳмаджон Турсунбоев ҳам жазо муддатини ўтаяпти. 

“Эзгулик” жамияти раиси ўринбосарининг қўшимча қилишича, Навоий шаҳридаги 12-сонли қаттиқ тартибли колонияда сақланаётган блогер Акмал Шаропов оиласи билан узоқ муддатли учрашувда экани сабабли у билан учрашишнинг имкони бўлмаган.

Бекзод Нурматовнинг сўзларига кўра, маҳкумлардан қийноқ ва ноинсоний муомала бўйича шикоятлар бўлмаган.

  • Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий 2021 йил 10 май куни туҳмат ва товламачиликда айбланиб, 6 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилинганди. Кейинчалик вилоят суди ва Олий суд апелляцияни кўриб чиқиб, жазо муддатини ўзгаришсиз қолдирди.
  • Тошкентда яшаган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев эса жамоат тартибини бузганликда айбланиб 15 сутка маъмурий қамоққа олинган, шундан кейин ИИББ унинг Facebook'даги профилида “диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи” материаллар жойланган деб топганди. Шунга асосан Орифхўжаев 2022 йил январида 7 йил-у 6 ойга қамалди.
Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид