Жамият | 16:29 / 19.07.2021
27149
4 дақиқада ўқилади

Коронавирусга чалинган болаларда қандай белгилар кузатилиши маълум қилинди

Ўзбекистонда ўтган йили ёзда катталар орасида коронавирусга чалиниш кўпайган бўлса, бу йил ёзда болалар ҳам бу касалликка анча кўпроқ чалинмоқда.

Ўзбекистонда ёз ойларига келиб болалар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари сезиларли даражада ошди. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий маркази педиатри Феруза Собирова маълум қилди.

“Олдинги ёз мавсумида катталар орасида коронавирусга чалиниш кўпайган бўлса, бу йил ёзда эса болалар орасида бу касалга чалиниш кўпайганини кўрсатмоқда. Буни коронавирус беморларини даволаш учун ихтисослаштирилган шифохоналар фаолиятидан билиш мумкин.

Жумладан, бизнинг марказимизда ҳам COVID-19 билан оғриган болалар учун 250та ўрин ташкил қилинди ва бу ерга даволаниш учун мурожаатлар келиб тушяпти”, – деди у.

Мутахассисга кўра, болаларда COVID-19 белгилари оддий ўткир респиратор касалликлар билан деярли бир хил кечади. Коронавирусга чалинган 80 фоиз болаларда тана ҳарорати кўтарилади, 40-50 фоизида йўтал, ҳолсизлик, иштаҳасизлик, мушаклар оғриғи, кўнгил айниб қайт қилиш, ич бузилиши кабилар кузатилади.

Бундай вазиятда уларни касалхонага ётқизишда боладаги ёндош хасталиклар ҳисобга олинади.

“Болада иммунитет танқислиги, туғма юрак нуқсонлари, жигар, буйрак, ўпка хасталиклари, сурункали касалликлар, аутоиммун касалликлар, кимётерапия оладиган ҳолатлар мавжуд бўлса, болани касалхонага ётқизиш тавсия қилинади”, – деди Феруза Собирова.

Педиатрга кўра, коронавирусга чалинган болаларнинг 80 фоизида касаллик енгил ва ўрта оғир даражада ўтяпти.

“Катталарга нисбатан болаларда бу жараён енгилроқ ўтиши аниқланган бўлса-да, фарзандининг саломатлигидан хавотирга тушган ота-оналар уларда иситма кузатилса, тезда касалхонага ётқизишга шошилишади. Бироқ бу ҳолатларда аксарият бемор болаларни уйда даволаб, парвариш қилиш мумкин.

Бола хасталанганда биринчи қилинадиган иш – оилавий шифокорга учрашиб, ундан керакли тавсияларни олиш керак. Бундай ҳолатда номутахассис одамлардан ёки ижтимоий тармоқда ўқиган маълумотларга қараб кераксиз ва нотўғри муолажалар қўлламасдан педиатрга учрашиш керак. Шифокор коронавирусга чалинган болаларни даволаш протоколи асосида боланинг аҳволи қай даражада эканини баҳолайди: енгил, ўрта, ўрта оғир ва оғир деб.

Коронавирусга чалинган болада тана ҳарорати 38 даражадан юқори бўлмаса, ҳаракатчан, югуриб юрса унинг ҳолати енгил ва ўрта оғир деб баҳоланади”, – дейди у.

Аввалроқ, “Тез ёрдамга” 10 кун ичида 200дан ортиқ бола COVID-19 аломатлари билан мурожаат қилиб, улардан 191 нафари Зангиотадаги шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумотларга кўра, болаларда касалланиш сони ойлар мобайнида ортиб бораётганини кўриш мумкин. Жорий йил апрель ойида “103” хизмати орқали 131 нафар бола хасталик белгилари билан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган бўлса, май ойида бу рақам 152 нафарга етган. Июнь ойининг 28-санасига қадар эса касал болалар сони 316 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда Қозоғистонда ҳам болалар орасида коронавирус билан касалланганлар сони ортиб бормоқда. Шу сабабдан 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид