“2011 йилдан 2013 йилга қадар Сайхунобод туман молия бўлими мудири лавозимида ишлаб келган давримда менга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 210-модда билан жиноий жавобгарликка тортилганман. 2019 йил августга келиб оқланганман. Шундан сўнг, ишга тиклаш масаласида судга мурожаат қилганман” – дейди Мавлон Шергазиев.
М.Шергазиевнинг мурожаатига асосан ФИБ Сирдарё туманлараро суди 2020 йил 18 сентябр куни ҳал қилув қарори чиқариб, жавобгар Сайхунобод туман ҳокимлиги ва Сирдарё вилоят молия бошқармасига М.Шергазиевни Сайхунобод туман молия бўлими мудири ёки шунга тенглаштирилган лавозимга ишга тиклаш ва 2013 йилдан ҳозиргача бўлган муддатни умумий меҳнат стажига ва ихтисослик бўйича иш стажига қўшиш мажбуриятини юклайди.
Бироқ ушбу суд қарори ҳозирга қадар ижро этилмай келмоқда. М.Шергазиевнинг айтишича, унинг мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича МИБ Сайхунобод тумани бўлими, Сирдарё вилоят бошқармаси ва МИБ директори Ҳ.Кабиржонов номига йўллаган мурожаатлари бесамар кетган.
“Яқинда шахсан туман прокурори қабулига кирганман. Прокурор олдимда вилоят молия бошқармасига телефон қилди ва “Бу жиддий масала. Фуқаро 8 ойдан бери сарсон бўлиб юрган экан, қонуний ижросини таъминлаб беринг. Суд қарорига асосан тенглаштирилган иш беринг” деди. Эртаси куни бошқармага борсам, бошқармадан битта иш ва Сайхунобод тумани молия бўлими мудири ўринбосари лавозимини таклиф қилишди. Бунга рози бўлмадим” – дейди М.Шергазиев.
Ушбу ҳолат бўйича МИБнинг изоҳ беришича, ижрочи томонидан суд қарорини ижро қилишни сўраб туман ҳокимлиги ва вилоят молия бошқармасига мурожаат қилинган. Шунингдек, ушбу жараёнда ижрони таъминлаш мақсадида М.Шергазиевга Сайхунобод туман ҳокимлиги томонидан туман “Тоза ҳудуд” ДУК раҳбари лавозими, вилоят молия бошқармаси томонидан молия бошқармаси бўлим бошлиғи ҳамда Сайхунобод тумани молия бўлимининг шуъба мудири лавозимлари таклиф қилингани, бироқ М.Шергазиев ушбу таклифларни рад этгани, шунга қарамай ҳозирда ижро ҳаракатлари давом эттирилаётгани маълум қилинди.
Ҳолат юзасидан Сайхунобод туман ҳокимлиги ва Сирдарё вилояти молия бошқармаси берган изоҳлар бир-бирига ўхшаш бўлди. Ушбу изоҳларда суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида М.Шергазиевга бир қатор лавозимлар таклиф этилгани, бироқ у бу лавозимларни рад этгани таъкидланди.
М.Шергазиевнинг қўшимча қилишича, бошқа туманнинг молия бўлими мудирлиги, туман ҳокимининг иқтисод бўйича ўринбосарлиги ёки вилоят молия бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлиги каби лавозимлар туман молия бўлими мудири лавозимига тенглаштирилган ҳисобланади ва бундай лавозимлар унга таклиф этилмаган.

















