Жамият | 15:36 / 26.07.2021
2095
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда эсаётган кучли шамол бир неча туманларда ва Қаршида электр энергияси таъминотида узилишларга сабаб бўлмоқда

Аввал хабар қилганимиздек, Қашқадарё вилоятида кучли шамол эсиб, қум бўронлари кузатиляпти. Кучли эсаётган шамол бир қатор туманларда электр энергияси таъминотида узилишларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, айни пайтда кузатилаётган кучли шамол туфайли Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Шаҳрисабз, Китоб, Косон, Қарши тумани ва Қарши шаҳрида жойлашган электр тармоқларида сезиларли зарар кузатилмоқда. Юқорида номи келтирилган туман ва шаҳарлар ҳудудида электр таъминотида муддатсиз узилишлар кузатиляпти.

Қайд этилишича, ноқулай табиат ҳодисаси туфайли етказилган носозликларни бартараф этиш бўйича «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг барча кучлари – ишчи-ходимлар сафарбар этилган.

«Шу билан бирга, электр таъминотидаги мазкур узилишлар номаълум муддатга қадар давом этишини маълум қиламиз», дейилади «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид