“Божхона органлари томонидан 2017 йилда 7,6 трлн сўм пул ундирилган бўлса, бу йилда 30 трлн сўм давлат бюджетига ундирилади. Дастлабки 6 ойни оладиган бўлсак, 2017 йилга нисбатан божхона тўловларини ундириш 4 баробарга ошган. Бу тенденция ошиб боради.
Шу кетишда давом этса, Ўзбекистонга кириш-чиқиш, товарлар айланмаси яна 5 йилдан кейин 2 бараварга ошади. Бу масала дунёда қандай ечилган, деган саволга жавоб бериш керак бўлади. Ҳеч қайси давлатда божхона ходимларининг сони товарлар ўсишига қараб, йўловчиларнинг кириш-чиқиш ҳажмига қараб оширилмайди. Бу фақат битта йўл билан ҳал қилинади, яъни автоматизация билан. Бу – биринчи масала.
Иккинчи масала, биз соддалаштирилган тартиб ҳақида кўп гапиряпмиз, лекин соддалаштирилган тартиб тагида яна бир масала ётибди. Бу – назорат масаласи. Бунда давлатнинг хавфсизлиги, унинг иқтисодий хавфсизлиги бор. Бир вақтнинг ўзида ҳам соддалаштириш, ҳам назорат қилишнинг йўли – хавфни бошқариш тизимини жорий этишдир. Бизда бу тизим жорий қилинди.
Битта масала қолган, уни ҳам ҳал этяпмиз. Хорижий аэропортларда ҳаво кемаси кўтарилгандан бошлаб бизда маълумот бўлиши керак. Биз бунга эришяпмиз: хориж авиакомпаниялари билан меморандум тузиб чиқяпмиз. Бизга келаётган фуқароларнинг самолётга билет олишидан бошлаб, бизга маълумот тақдим қилади. Учиб келаётган йўловчиларни божхона назоратидан ўтказиш – долзарб масала.
Хабарингиз бор, аэропортларда “яшил” ва “қизил” коридорлар бор; бугунги кунда 98 фоиз фуқаро “яшил” йўлакдан ҳаракатланяпти. Мана шунақа тартибларни жорий қилиш орқалигина биз божхона назоратини [самарали] амалга оширишимиз мумкин. Дунёда бошқача йўли йўқ”, – деди Илҳом Мухторов 26 июл кунги матбуот анжуманида.
“Ҳозир божхона органларида вакансия йўқ” — ДБҚ раиси ўринбосари















