Спорт | 14:11 / 30.07.2021
6982
2 дақиқада ўқилади

Райҳона Қодирова чоракфиналга чиқди, Олтибоев бронза йўлида муваффақиятсизликка учради

-60 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Райҳона Қодирова Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги дастлабки жангини ўтказди. 

У дастлабки жангида Конго ДР вакили Юмба Наомиега қарши рингга чиқди ва жанг давомида тўлиқ устунликка эришиб, якунда ҳакамлар баҳосига кўра 5:0 ҳисобидаги ғалабага эришди.

Энди Қодирова 3 август куни яримфиналга чиқиш учун амалдаги жаҳон чемпиони бразилиялик Беатриз Феррейрага қарши рингга кўтарилади.

Токио-2020 Олимпия ўйинларининг яккалик беллашувлари дзюдочилар жамоаси учун якунланди.

Бугун энг оғир вазн тоифасида иштирок этган Бекмурод Олтибоев дастлабки жангларда мўғулистонлик Дуренбаяр Улзибаяр ва нидерландиялик Ҳенк Гролни мағлуб этганди. Аммо чоракфиналда Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони, чехиялик Лукаш Крпалекка мағлуб бўлди.

Бронза медали учун ўтиш баҳсида эса украиналик Якив Хамнога қарши беллашувда ҳам Олтибоев вазари баҳоси билан имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа у яккалик баҳсларини еттинчи ўринда якунлади.

Эртага аралаш жамоавий йўналишда ўзбекистонлик дзюдочилар ўз иштирокларини давом эттиришади. Илк рақиб Нидерландия жамоаси бўлади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид