3 август куни Ёзги Олимпиаданинг ўн биринчи кунги баҳслари ўтказилади. Бугунги баҳсларда яна 6 нафар ўзбекистонлик спортчи 4 спорт тури бўйича баҳсларда иштирок этади.

Юнон-рум кураши жамоасининг сўнгги вакили Рустам Aссакалов иштирокини ўтказади ва жамоа учун медал олиб келишга ҳаракат қилади. Бунгача юнон-рум кураш жамоаси вакиллари Элмурат Тасмурадов (-60 кг), Мўминжон Абдуллаев (-130 кг) ва Жалғасбай Бердимуратов (-77 кг) муваффақиятсизликка учраганди. Тасмурадов ва Бердимуратов илк босқичдаёқ, Абдуллаев эса чоракфиналда курашни тўхтатган, уларнинг рақиблари финалга чиқа олмаган ва бронза учун курашиш имконияти бўлмаганди.

Ўзбекистон бокс жамоасининг уч вакили чоракфиналда иштирокини давом эттиради. Шаҳобидин Зоиров (-52 кг), Элнур Aбдураимов (-63 кг) ва Райҳона Қодирова (-60 кг) бу босқичдан ҳам ўтишса, Олимпиадада камида бронза медални нақд қилишади. Бунгача ўзбекистонлик боксчилардан фақат Баҳодир Жалолов (+91 кг) яримфиналга чиққан, у финал учун жангни 4 август куни ўтказади.

Шунингдек, оғир атлетика жамоасининг ҳам сўнгги вакили ўз омадини синаб кўради, -109 кг вазн тоифаси вакили Акбар Жўраев тош кўтариш баҳсларида иштирок этади. Бунгача Адҳамжон Эргашев (-67 кг), Муаттар Набиева (-55 кг) ва Кумушхон Файзуллаева (-76 кг) ўз имкониятларини синовдан ўтказган, Эргашев олтинчи ўрин (139+173 кг), Набиева тўртинчи ўрин ва Олимпиада рекорди (98+114), Файзуллаева олтинчи (101+126) ўринни эгаллади.

5:00. Енгил атлетика. Уч ҳатлаб сакраш. Руслан Қурбонов;

7:15. Бокс. -52 кг. Шаҳобидин Зоиров чоракфиналда филлиппинлик Карло Пааламга қарши;

8:05. Бокс. -63 кг. Элнур Aбдураимов чоракфиналда  арманистонлик Овганнес Бачковга қарши;

8:30. Юнон-рум кураши. -87 кг. Рустам Aссакалов нимчоракфиналда грузиялик амалдаги жаҳон чемпиони Лаша Гобадзега қарши;

13:00. Бокс. -60 кг. Райҳона Қодирова чоракфиналда бразилиялик Беатрис Феррейрага қарши;

16:00. Оғир атлетика. -109 кг. Aкбар Жўраев.

Олимпия ўйинларида 2 август куни икки нафар ўзбекистонлик спортчи ўз иштирокини ўтказди.