Kun.uz “Оптимист” рукнининг навбатдаги қаҳрамони Дурдона Баҳронова – веб-дастурчи. У АҚШнинг Кремний водийсида малака ошириб қайтган. Биз Дурдона билан Ўзбекистондаги IT соҳаси, қизлар таълими, шахсий ривожланишнинг аҳамияти, ўзбек ва хориж ёшлари ўртасидаги фарқ ва бошқа мавзуларда суҳбатлашдик.

Маълумот учун, қаҳрамонимиз Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университетини тамомлаган. Дастурчилик соҳасида 3 йил тажрибага эга.

Дурдона Тошкентдаги Super Dispatch халқаро компаниясида фаолият юритади. IТ'нинг юраги бўлган Кремний водийсида 5 ойлик тажриба орттириш дастурида ғолиб бўлган. “Google Developers of Tashkent” ҳамжамияти аъзоси, “Women techmakers of Tashkent Community” лидери.

“Қизиққан одамга дастурчилик қийин эмас, қизлар ҳам бемалол ўрганса бўлади”

— Тошкентдаги Вестминстер халқаро университетига ҳужжатларимни топшираётганимда факультет танлаш вақтида дастурчилик асосларини ҳам ўргатадиган факультетни танладим. Чунки сайтлар қандай ясалишига жуда қизиққандим. Ўз қўлингиз билан нимадир ярата олишингиз – жуда қизиқ ҳиссиёт. Ўқиган йўналишимда ҳам бизнес, ҳам аналитикани ўргандик. Қўшимча қилиб, дастурчиликни ҳам ўзлаштирдик.

Дастурчилик бир нечта йўналишларга бўлинади. Қайси йўналишда мен ўзимни яхшироқ намоён қила олишимни аниқлашим учун барчасига кириб ўрганишимга тўғри келди, бунга жуда кўп вақтим кетди. Охирида веб-дастурчиликда тўхтадим.

Дастурчилик маълум технологияни ясайдиган муҳандисларнинг ишидан кўра анча осон, деб ўйлайман. Дастурчиликда энг керак бўладигани – вақт ва қизиқувчанлик. Бошқа ҳеч нарса керак эмас.

“Саёҳат қилиш инсонда муаммога бошқача назар билан қарашни шакллантиради”

— Саёҳат қилганингизда жуда хилма-хил нарсаларни кўришингиз мумкин. Сиз ҳар доим еб юрадиган ошни кимдир бошқача ейишига гувоҳ бўларсиз, балки. Хилма-хилликни кўргач, бир муаммога ҳар хил томондан ёндашиш мумкинлигини тушуниб етасиз. Топилган ечимлар ҳаммаси тўғри, ҳеч қайсиси хатомас. Яшаш тарзида ҳам шундай: сиз ўйламаган, қолипингизга сиғмаган кўринишда ҳам яшаш мумкинлигини кўрасиз.